Бугун, 12 ноябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Бразилияда 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ватанимиз шуҳратини улуғлаган ёш спортчиларимиз тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ёшлар ишлари агентлиги директори, мамлакат шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, журналистлар иштирок этди.
Айтиш лозим, Бразилияда ўтган жаҳон чемпионати Ўзбекистон шахмати учун яна бир тарихий ғалабани тортиқ этгани билан аҳамиятли бўлди.
2023 йил Италияда ўтган жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлган шахматчи қизлар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришган Афруза Ҳамдамова бу гал 16 ёшгача бўлганлар ўртасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Афруза мусобақалар давомида 11 та турнинг 10 тасида ғалаба, 1 тасида дурангга эришиши жаҳон чемпионатидаги энг юқори натижа сифатида талқин этилди.
Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган шахматчиларимизга гуллар тақдим этилди. Чиройли тилаклар билдирилди. Тантаналар давомида икки карра жаҳон чемпионлигига эришган Афруза Ҳамдамова ва унинг мураббийи Асқар Ҳакимовга пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Жаҳон чемпионатининг 14 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Жавоҳир Бозоров 11 та турда 6,5 очко жамғариб, 118 нафар иштирокчи орасида умумий кўрсаткичларга кўра 31-ўриндан, 14 ёшли қизлар орасида Нилуфар Имомқўзиева 7 очко билан 95 нафар иштирокчи орасида 7-ўриндан жой эгаллаши ўзбек шахматининг янги олтин авлоди камол топаётганини амалда кўрсатди.
13 кунлик шиддатли беллашувлар ортда қолди. Ўз иқтидорини, салоҳиятини намойиш этганлар орасида юртимиз вакилларининг борлиги, бор бўлганда ҳам муносиб ўйин намойиш этгани кейинги муваффақиятларга пойдевор бўлиши билан аҳамиятли.
Яна бир ўзига хос жиҳат. Афруза Ҳамдамова бугун дунё шахматида 16 ёшгача бўлган қизлар орасида жаҳоннинг биринчи рақамлисига айланди. Нилуфар Имомқўзиева 14 ёшгача бўлган қизлар орасида жаҳоннинг 7-рақамли шахматчиси номига сазовор бўлди. Жавоҳир Бозоров 14 ёшгача бўлган ўғил болалар орасида 31-поғонада қайд этилди. Халқаро шахмат федерацияси тақвимида ушбу рейтинг ва кўрсаткичларга эришган шахматчиларимизнинг натижаси эса жаҳонда шахмат билан жиддий шуғулланаётган миллионлаб ёшларнинг орзуси.
Бугун уларнинг орзуларини ҳақиқатга айлантирган шахматчиларимизнинг ғалабали одимлари бардавом ва собит бўлишини истаб қоламиз.
Т.Рўзиев,
Ё.Мелибоев, А.Алижонов (сурат, видео), ЎзА