Тошкент шаҳрида “Янги ижтимоий шартнома: Европа ва Марказий Осиё касаба уюшмалари нигоҳида” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда Сенат Раиси Танзила Норбоева иштирок этди.

– Замонавий стандартларга жавоб берадиган ижтимоий шартномани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати самарадорлигини оширишга ва муносиб меҳнат тамойилини амалга оширишга ижобий таъсир кўрсатади, – деди Т.Норбоева. – Ижтимоий шартномаларни амалга ошириш учун масъул бўлган институтларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти жуда юқори. Муносиб меҳнат ва ижтимоий адолат – одамларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган барча шартномаларнинг ажралмас тамойилларига айланиши зарур.

Конференция давомида ижтимоий шартномалар доирасида ижтимоий, иқтисодий ва глобал экологик муаммоларни ҳисобга олиш зарурлиги қайд этилди.

Иштирокчилар бу масалалар иш берувчилар, ҳукуматлар ва парламентлар кун тартибида асосий ўрин эгаллаши, шунингдек, меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий масъулият соҳасида келгусидаги ҳамкорлик учун асос бўлиши керак, деган хулосага келди.

Етакчи экспертлар, касаба уюшмалари ташкилотлари, давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ижтимоий-иқтисодий сиёсат, муносиб меҳнат ва ижтимоий шериклик билан боғлиқ бошқа муҳим масалаларни ҳам муҳокама қилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА