Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида шахмат бўйича мукофот жамғармаси 41 минг 500 АҚШ долларидан иборат «Tata Steel Chess India» турнирида дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам ғолиблик учун кураш олиб боради.
«Tata Steel Chess India» турнири 9 тур рапид (25+10) ва 18 тур блиц (3+2) йўналишида бўлиб ўтади.
Бугун, 13 ноябрь куни халқаро турнирнинг рапид йўналишидаги илк турда Абдусатторов FIDE байроғи остида баҳсларда иштирок этаётган россиялик Данил Дубовга қарши дона суради.
Шунингдек, кун давомида Абдусатторов германиялик Винсент Каймер (2-тур) ва ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха (3-тур) билан куч синашади.
Рапид ва блиц йўналишлари учун алоҳида ғолиб аниқланадиган «Tata Steel Chess India» турнирида Магнус Карлсен, хитойлик Вэй И, германиялик Винсент Каймер, АҚШ вакили Уэсли Со, ҳиндистонлик Аржун Эргаиси, Ниҳал Сарин ва Сунилдат Нараянан мусобақада ўз маҳоратларини намойиш этишга ҳозирланмоқда.
Мусобақалар 17 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА