Шу кунларда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
30 дан ортиқ давлат спортчилари иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг иккинчи кунида белбоғли курашнинг классик йўналишидаги мусобақаларда вакилларимиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Ойбек Муҳаммадов -100 килограмм вазнда кумуш, Асрор Солижонов(-68), Муроджон Ҳамидов(-75) ва Шукрулло Маматкаримов(-82) бронза медалларига эгалик қилди.
Бугун, 13 ноябрь кунги беллашувларда Бахтиёр Турғунпўлатов бош мураббийлигидаги мамлакатимиз ёш курашчилари баҳсларга киришди.
16 ноябрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионати беллашувларини бошқариб боришда ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакамлар Мироншоҳ Рўзиев, Сергей Тхак, Неъматулла Тўйчиев ҳамда Элмурод Абдуллаев иштирок этмоқда.
Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги умумий медаллари сони ҳозирча 4 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронзадан иборат.
Т.Рўзиев,
ЎзА