АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари жорий ойда Окинавадаги Кадена базасига кўп мақсадли бешинчи авлод F-22 Raptor жанговар самолётларини олиб ўта бошлайди. Улар эскирган F-15 қирувчи самолётлари ўрнини эгаллайди. F-15 қирувчи самолётлари модернизациялаш мақсадида АҚШга жўнатилади, деб ёзмоқда Nikkei газетаси мудофаа вазирлиги манбаларига таяниб.
Ҳозирда Кадена базасида 50 та шундай самолёт жойлаштирилган. Уларнинг ўндан ортиғи келгуси бир неча ҳафта давомида АҚШга жўнатилади, ўрнига Окинавага вақтинчалик асосда F-22 самолётлари жойлаштирилади. Газетанинг ёзишича, мазкур янги авлод самолётларини радарлар пайқаши қийин ва жанговар салоҳияти ҳам юқори даражада.
Кадена Қўшма Штатларнинг мамлакат ташқарисидаги энг йирик ҳарбий ҳаво базаси ҳисобланади. База аэродроми барча турдаги, жумладан, стратегик бомбардимончи самолётларни ҳам қабул қила олади.