АҚШ Давлат департаменти котиби Энтони Блинкен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар Украинадаги вазиятни муҳокама қилдилар, дейилади Қўшма Штатлар Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.
“Суҳбатдошлар мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига оид БМТ тамойилларини ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, улар Украина ва Гаитидаги фавқулодда хавфсизлик ва гуманитар инқирозларини ҳал қилиш учун БМТ ҳаракатларини давом эттириш зарурлигини қайд этишди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, сиёсатчилар Эфиопиядаги вазиятни ҳам муҳокама қилишди.
“Блинкен Қўшма Штатлар БМТ тизимини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш тарафдори эканини айтиб, ташкилотнинг дунёдаги энг долзарб муаммолар, жумладан, соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлигини ҳал этиш чораларини кўришга чақирди”, деб қўшимча қилинади хабарда.
ЎзА