Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари умумий чегараларининг 70 фоизини демаркация қилиб бўлган, қолган участкаларни демаркация қилиш учун 2-3 йил керак бўлади. Қозоғистон бош вазири ўринбосари, мамлакат ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди журналистлар билан учрашувда шу ҳақда маълум қилди.

«Албатта, икки давлат чегараларини аниқлаш жараёни тугалланган. Биз чегаралар қаердан ўтишини аниқ биламиз. Фақат демаркация қилиш жараёни қолди», – деди у “Казинформ” агентлигига берган интервьюсида.

Октябрь бошида Қозоғистон ва Россия вакиллари Олма-отада бўлиб ўтган мажлисда томонлар умумий чегараларни демаркация қилиш режасини муҳокама қилиб олди. Комиссиянинг навбатдаги мажлиси жорий йилнинг ноябрь ойида Россия ҳудудида бўлиб ўтади.