«2022 йил 17 октябрь куни Су-34 жанговар самолёти Жанубий ҳарбий аэродромдан ҳавога кўтарилган пайти ҳалокатга учраган. Самолёт Ейск шаҳри чеккасига қулаб тушган», – дейилади хабарда.
Самолёт учувчилари катапульта қилишга улгурган.
«Учувчиларнинг таъкидлашича, ҳалокатга самолёт ҳавога кўтарилаётганда двигателларнинг бирида ёнғин чиққани сабаб бўлган», – дея аниқлик киритди мудофаа вазирлиги.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шаҳар бошқармаси маълум қилишича, самолёт қулагандан кейин икки минг квадрат метрда ёнғин бошланган, кўп қаватли аҳоли яшайдиган бинонинг биринчи қаватидан бешинчи қаватигача ёнғин бошланган.
«Олов бир зумда бир неча қаватни қамраб олган, сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокат сабабли 13 киши ҳалок бўлган, улар орасида уч нафар бола ҳам бор, 19 киши жароҳат олган”, – деди Россия соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси Алексей Кузнецов журналистлар билан учрашувда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам қурбонлар сонини тасдиқлади. Шунингдек, ФВВ ходимлари вайронагарчиликлар орасидан 68 кишини қутқариб олган, 360 дан зиёд киши хавфсиз жойга кўчирилган.