Ўзбекистонда 782 минг ёки аҳолининг 2,4 фоизини ногиронлиги бўлган шахс сифатида пенсия ва нафақа олувчилар (шундан 376 минг нафари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар) ташкил этади.

Уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, турмуш ҳамда ҳаёт даражасини оширишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш ҳамда меҳнатини муносиб қадрлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олиш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилди.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонунга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида бир йиллик иш стажи ва иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, ҳар икки йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшиб борилади.

Амалдаги қонунчиликка эса ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда, ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса), I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.

Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 75 минг нафари пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади.

Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар икки йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.

– Қонунчиликка киритилаётган ушбу янгиликлар “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилига тўла ҳамоҳанг, – деди Сенат раиси Танзила Норбоева. – Айниқса, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсиясини олувчи кўплаб ҳамюртларимизга тўланадиган пенсия миқдорларининг қайта ҳисоб-китоб қилиниши уларга бўлган юксак эътибор ва эъзоз намунаси дейиш мумкин. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган бундай ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилади. Қонундаги бошқа нормалар ҳам эътиборга молик. Шу боис қонун қабул қилиниши билан аҳолининг ундан хабардорлигини ошириш учун барча воситалар ишга солиниши лозим. Мутасадди вазирлик ва идоралардан бунга алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз.

Қонуннинг қабул қилиниши амалиётда мавжуд турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциявий факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Н.Абдураимова, ЎзА