Фуқароларимиз ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва суд фаолиятига ҳар қандай аралашувларга барҳам бериш, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Очиқлик, холислик, коллегиаллик яъни масалаларни кўпчилик билан ҳал этиш асосий принциплари ҳисобланган, 21 нафар аъзодан иборат Кенгашнинг бир қатор муҳим вазифалари белгиланди.
Халқаро стандартларда бундай вазифани амалга оширувчи орган мақоми конституциявий тартибга солиниши лозимлиги эътироф этилади. Шунинг учун, Ўзбекистон Конституциясининг 111-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади” – деб қайд қилинди. Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилганлиги унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширилишининг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади.
Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши, кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бу қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди. Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди.
Судьялар олий кенгашининг энг асосий вазифаларидан бири, судьялар корпусини юксак маънавий-аҳлоқий фазилатга, етарли хаётий тажрибага, мустақил фикрлаш ҳамда ва ўзи қабул қилган қарор учун жавобгарликни ўзига олиш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан таъминлаш бўлиб ҳисобланади.
Шу сабабли, судьялар корпусини юқори билим ва салоҳиятга, етарли тажриба ва кўникмага, юксак маънавий-аҳлоқий фазилатга эга юридик кадрлар, жумладан, биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида намунали фаолият юритаётган ходимлар ҳисобидан шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, судьяларни танлаш ва тайинлаш бўйича самарали ва демократик ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга ошириш кўзда тутилган. Судьяларни танлаш ва тайинлаш учун шаффоф, адолатли ва мустақил тартиб ўрнатилди.
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра судьялик лавозимига номзодлар захирасига судьялик лавозимлари учун зарур билимга эга бўлган, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга юқори малакали юристлар орасидан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин. Шунингдек, мазкур моддага асосан қуйидаги шахслар захирага киритилишига йўл қўйилмайди:
муқаддам судланганлар;
ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этгани учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилганлар;
одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар.Кенгаш томонидан Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати ишлаб чиқилди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2017 йилнинг 23 ноябрида 2951-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Кенгашнинг 2017 йил 7 августдаги 238-сонли қарори билан тасдиқланган “Судьяликка номзодларни захирага киритиш мезонлари тўғрисида” Низомнинг 5-бандида судьялик лавозимларига номзодлар захирасига киритиш учун қуйидаги мезонлар инобатга олиниши белгиланган:
б) ўз иш жойида мансаб поғоналари бўйича ўсиб, муайян иш тажрибасига эга эканлиги;
в) яшаш ва иш жойида ижобий тавсифланганлиги;
г) юклатиладиган вазифаларни бажаришга қодирлигига оид фикрнома;
д) номзодда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд эмаслиги;
е) муқаддам судланмаганлиги;
ё) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилмаганлиги;
ж) ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилмаганлиги.Юқоридаги талабларга мос келадиган ҳамда судьялик лавозимлари учун номзодлар захирасига кириш истагини билдирган номзодлар Кенгаш томонидан 2017 йил 22 майда 13/17-сонли Қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Имтиҳон комиссияси тўғрисида”ги Низомга асосан махсус имтиҳондан ўтказилади.
Имтиҳон суҳбат ўтказиш, мустақил экспертлар томонидан тест синовидан ўтказиш, берилган муаммолар бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлаш, экспресс сўровлар усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.
Имтиҳон натижалари судьялик лавозимига номзоднинг иштирокисиз, очиқ овоз бериш йўли орқали комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан аниқланади. Имтиҳон натижаси номзодга шу куннинг ўзидаёқ маълум қилинади. Имтиҳон натижалари бўйича Кенгашга маълумот тақдим қилинади.
Имтиҳон натижаларидан муваффақиятли ўтган номзод Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида 3 ойлик ўқув амалиётини ўтайди.
Ўқув амалиёти натижасида ижобий баҳоланган номзодга Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан тегишли сертификат берилади.
Шундан сўнггина судьяликка номзод бўш судьялик лавозимига номзодини кўрсатишни сўраб Кенгашга ариза билан мурожаат қилиши, белгиланган тартибда Кенгашда муваффақиятли суҳбатдан ўтганидан сўнг судьялик лавозимига эришиши мумкин.
Кенгаш ўн йил муддатга ва муддатсиз даврга тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлигини, ҳалоллиги ва поклиги, шунингдек жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини инобатга олади.
Номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлиги, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлиги Кенгаш томонидан 2017 йил 22 августда 248-сонли қарор билан тасдиқланган “Судьяларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонлари тўғрисида” Низомга асосан аниқланади.
Судьянинг ҳалоллиги ва поклиги, шунингдек жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини аниқлашда Кенгаш томонидан 2017 йил 7 августда 237-сонли қарор билан тасдиқланган “Судьяларни навбатдаги муддатга тайинлаш (сайлаш)да уларнинг охирги иш жойларидаги фаолияти ва кенг жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тўғрисида”ги Низом ҳамда 2017 йил 7 августда 236-сон қарор билан тасдиқланган “Судьялар фаолиятига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тавсифномаси асосида баҳо бериш мезонлари тўғрисида” Низом асосида амалга оширилади.
2017 йилда судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун жами 412 нафар шахснинг ҳужжатлари келиб тушган.
Имтиҳон комиссияси берган маълумотга кўра, 162 нафар номзод Кенгаш томонидан ўтказиладиган имтиҳондан ўтаолмаганлиги боис уларни Кенгаш захирасига киритиш рад этилган.
Навбатдаги босқич Судьялик лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш жараёни бўлиб ҳисобланади. Шу ўринда айтиш керакки, бу очиқ-ошкора, Кенгаш аъзоларининг фикр-мулоҳазалари асосида коллегиаллик билан ҳал этилади.
Судьяларни лавозимига тайинлаш бўйича 2018 йил январь, февраль ойларида бир неча марта йиғилишлар ўтказилган бўлиб, уларда 87 нафар судья лавозимга тайинланган.