Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг йиғилишларида бир қатор қонун лойиҳалари партия дастурий вазифалари нуқтаи назаридан қизғин муҳокама қилинди.

Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқар экан, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар берди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Президентимизнинг “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Лойиҳа билан фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини электорат манфаатлари, партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, атрофлича муҳокамадан ўтказди, унинг ҳар бир нормаси қизғин муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг жорий йил 27-30 сентябрь кунлари сайлов округларидаги аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувларида кўтарилган масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича маъсул ташкилотларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда айрим фуқароларнинг хонадонларида ёввойи ҳайвонлар сақлаб келинмоқда. Уларни жамоат жойларида ҳеч қандай ҳимоя чоралари кўрилмасдан олиб юриш ҳолатлари содир этилаётир. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан қонунчилик ҳужжатлари ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш, соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомилларини самарали амалга ошириш, ёввойи ҳайвонларни аҳоли турар жойларида сақлашда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар олдини олиш кўзда тутилган.

Йиғилишда фракция аъзолари ёввойи ҳайвонларни ноқонуний равишда боққанлик учун жавобгарликни кучайтириш, бу борада ваколатни давлат органи фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклифлар билдиришди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонларни сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилашга, шунингдек, юқорида келтирилган нохуш ҳолатлар натижасида аҳоли соғлиғига зарар етказилишинг олдини олишга хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозараларлан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Муҳтарама Комилова, 
ЎзА