Реклама истеъмолчиларининг эътиборини жалб қилишга ва реклама қилиш объектига бўлган талабни шакллантиришга йўналтирилган ҳаракатлар йиғиндисидир. Реклама бозори энг муҳим ва кўп мурожаат қилинадиган йўналишлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг мақсади — рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Шунингдек, мазкур қонун рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчанлик обрўсига, атроф-муҳит ҳолатига тажовузидан ҳимояланиш чораларини таъминлайди.

Маҳсулотнинг характери, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотлар реклама воситасида тарқатилишининг олдини олади.

Тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобат ва нотўғри рекламанинг олдини олиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан кўплаб чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Қандай реклама тури номақбул ҳисобланади?

Реклама хусусида қонунчиликда белгилаб қўйилган мезонлар юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева қуйидагиларни маълум қилди:

– Номақбул реклама — нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек, ушбу қонун талабларига мос келмайдиган бошқа рекламадир, – дейди М.Тоғаева. – Номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунига кўра, базавий ҳисоблашнинг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Агентлик томонидан реклама қилиниши қонун билан тақиқланган ёки чекланган маҳсулотлар, хусусан, тамаки, электрон сигареталар, энергетик ичимликлар, алкоголь, пиво, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси бўйича аниқланган ҳолатлар бартараф этилиши таъминланади.

Ахлоқсиз рекламалар…

Шахснинг миллати, ирқи, касби, ижтимоий келиб чиқиши, ёши, жинси, тили, диний эътиқоди, сиёсий ва фалсафий қарашлари билан боғлиқ бўлган ҳақорат сўзлар ва таққослашлар, ҳақорат қилувчи тасвирлардан фойдаланиш орқали инсонийлик ва ахлоқнинг умумэътироф этилган нормаларини бузувчи, миллий ва жаҳон маданий меросини ташкил этувчи санъат объектлари, тарихий ва меъморий ёдгорликларга тажовуз этувчи, Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) ва миллий валютасини таҳқирловчи реклама — ахлоқсиз реклама ҳисобланади.

Қонунчиликка кўра, реклама берувчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг реклама тайёрлаш учун тақдим этиладиган ахборот мазмунига доир қисми бузилганлиги учун агар ушбу қонунбузарлик реклама тайёрловчининг ёки реклама тарқатувчининг айби билан юз берганлиги исботланмаса, жавобгар бўлади. Реклама фаолиятида низолар юзага келган ҳолларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА