Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал- демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Жумладан, “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг маъмурий судлар томонидан самарали ҳимоя этилишини таъминлашга ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш орқали маъмурий судларни фуқароларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган.

Ушбу ҳужжат билан судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, жумладан, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасидаги нормалар давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Фракция йиғилишида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА