Нукуслик Дилфуза Казакова ёш авлодни юксак салоҳиятли этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган жонкуяр педагоглардан.
У бир неча йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар марказининг тасвирий санъат бўлимида тўгарак раҳбари сифатида фаолият юритади. Соҳадаги билими ва бой тажрибасидан унумли фойдаланиб, ёш истеъдодларга рангтасвир соҳаси жанрлари ва буюк рассомларнинг ижодий меросини пухта ўргатиб келмоқда. Шогирдлари орасида мамлакат ва халқаро миқёсдаги нуфузли танловлар ғолиблари кўп. Хусусан, 2017 йилда Эрназар Сапарниёзов ва Нурлан Калбоев Японияда ўтказилган “Дунё болалар нигоҳида” номли халқаро танловда муваффақиятли иштирок этди.
–Ижодга меҳр қўйган инсоннинг қалби тоза ва гўзал бўлади, – дейди Дилфуза Казакова. – Инсонларни гўзалликка ошно этишдек шарафли соҳада меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.