Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 7-8 июль кунлари Наманган вилоятида бўлди.
Ташрифнинг биринчи куни вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ўзгаришлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишди, халқ билан мулоқот қилди.
Президентимиз Наманган вилоятига ташрифининг иккинчи куни Наманган туманидаги “Merrymed Farm” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.
Мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори фармацевтика соҳасида ҳам ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Merrymed Farm” масъулияти чекланган жамияти хитойлик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган. Корхона фаолияти фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сақлаш, транспорт-логистика, маркетинг жараёнларини тўлалигича ўзида қамраб олган. Иш жараёнига юқори технологик ускуналар ва электрон ахборот-назорат қилиш тизимлари жорий этилган.
Ўсимлик ва синтетик хомашёдан дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона импорт ўрнини босувчи 10 фармакологик гуруҳдаги 100 дан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда.
Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган қатор солиқ ва божхона имтиёзлари туфайли корхонада сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ортди. Таблеткалар, капсулалар, мазлар, гален маҳсулотлари, суспензиялар, инфузиялар, инъекциялар, қуруқ кукун кўринишидаги антибиотиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонада 300 га яқин ишчи меҳнат қилади.
Шавкат Мирзиёев корхона фаолияти билан танишди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ишчиларга яратилган шароитлар билан қизиқди.
Соҳани янада ривожлантириш учун дунё тажрибасини ўзлаштириш керак, деди Президентимиз. Бу борада импорт ўрнини босувчи, сифатли дорилар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу бозорда бир турдаги дори воситалари эмас, турли фармакологик гуруҳдаги дорилар кўпайиши ва импорт ўрнини эгаллашига имконият яратади.
Фармацевтика йўналишида янги корхоналар қуришда аҳоли талабини ўрганиш, мамлакатимиз ҳудудларида турли дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.
Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражасини ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари “Нуроний” жамғармасининг Наманган вилояти бўлими янги биноси ва «Нуронийлар маскани»ни бориб кўрди.
Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитини янада яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотан, нуронийларни эъзозлаган кам бўлмайди, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз «Нуронийлар маскани»да яратилган шароитлар билан танишди. Оқсоқоллар билан суҳбатлашди. Суҳбатда ёшлар тарбияси, бошланғич таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи диққат марказида бўлди.
Давлатимиз раҳбари Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган Гулчилар ассоциацияси фаолияти билан танишди.
Бу соҳага алоҳида эътибор қаратиш керак. Ассоциацияга ер майдони ажратиш, уларни қўллаб-қувватлаш лозим. Вилоятнинг ҳар бир туманида ассоциация бўлимларини ташкил қилиш, уларга малакали гулчиларни таклиф этиш даркор, деди Шавкат Мирзиёев.
Намангандаги олий таълим муассасаларидан бирида махсус факультет ташкил қилиб, гулчилик илмини ёшларга ўргатиш, Ўзбекистон Фанлар академияси билан фаол ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида ташкил этиладиган маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан таништирилди.
Сўнгги йилларда Наманганнинг қиёфаси янада гўзаллашиб, замонавий турар жойлар, маданият ва истироҳат боғлари барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари шаҳарнинг Уйчи кўчасини ободонлаштириш, инфратузилмасини такомиллаштириш, реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур кўчада ўн бешта кўп қаватли турар жой биноси ва ўндан зиёд инфратузилма объекти қурилмоқда. Ўтган йилнинг кузида ушбу кўчада Наманган шаҳар 2-болалар ва ўсмирлар мактабининг замонавий биноси фойдаланишга топширилган. Иккита ёпиқ спорт зали ва бошқа зарур хоналарга эга бўлган мажмуада спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланиш учун имконият яратилган.
Президентимиз кўп қаватли турар жойларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, аҳоли учун зарур шароит яратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Шу ерда Наманган шаҳрида намунавий лойиҳа асосида бунёд этилаётган саккизта 7 қаватли арзон турар жой биноси, Фарғона водийси темир йўлларини электрлаштириш концепцияси, Наманган темир йўл вокзалини янгидан қуриш, Республика ихтисослаштирилган кардиология ва эндокринология илмий-амалий марказлари Наманган филиаллари биноларини реконструкция қилиш, уларни малакали кадрлар ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, Косонсой туманида ёшлар ва ўсмирлар технопарки бунёд этиш лойиҳалари тақдимоти бўлди.
Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳрида келаси йили намунавий лойиҳа асосида 18 кўп қаватли турар жой қурилишини, хонадонларни тақсимлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш лозимлигини қайд этди.
Президентимиз Ўзбекистон Бадиий академияси Наманган вилояти бадиий ижодкорлар уюшмаси галереясининг реконструкция қилинган биноси ва бу ердаги кўргазма билан танишди.
Галереяни ёшларимиз учун том маънода маърифат масканига айлантириш, миллий анъаналаримизни давом эттирадиган «устоз-шогирд» мактабини яратиш, бундай галереяларни барча вилоятларда ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида машғулотларда қатнашаётган бадиий гимнастикачи қизлар ва боксчи ёшлар билан мулоқот қилди.
Бугун ўзбек бокс мактаби вакилларига бутун дунё спортчилари ҳавас қилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида жаҳонда тенгсиз эканини исботлади. Бундай ютуқларга эришиш учун нафақат замонавий шароит, балки тинимсиз меҳнат, фидойилик, ватанпарварлик ҳам талаб этилади. Сизларга ҳам келгусида катта спортда юксак парвозлар тилайман, деди Шавкат Мирзиёев.
Ёш спортчиларга совғалар топширилди.
Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти, профилактика инспектори яшаш жойи билан танишди.
Орзу маҳалласида Биринчи Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2014-2016 йилларда намунали лойиҳалар асосида 708 уй-жой, маҳалланинг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Маҳаллада оталар чойхонаси, савдо шохобчалари, мини футбол майдони, болажонлар учун турли аттракционлар ишлаб турибди.
Бу ерда маҳалла раиси, котиби ва маслаҳатчиси, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд. Кутубхона замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиётлар билан таъминланган. Жорий йилда маҳалла биноси ёнида профилактика инспектори учун хизмат уйи қурилди.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ички ишлар органлари ўртасида замонавий ахборот технологиялари қўлланилган ҳолда ўзаро тезкор алоқа ўрнатиш бўйича янги тизим йўлга қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори хизмат хонасида ўрнатилган компьютер орқали Хоразм вилояти Хива тумани ички ишлар бўлими ходимлари билан видеомулоқот қилди.
Профилактика инспекторлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш, ҳар бир жиноятни таҳлил қилиш, жиноятчиликни профессионал даражада аниқлаш лозим. Профилактика инспекторлари хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар асосида машиналар билан таъминланаётгани улар маҳалланинг ҳар бир хонадони билан самарали ишлашида муҳим аҳамият касб этмоқда, деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини яққол намоён этди.