Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни ШҲТнинг Самарқанд саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони қабул қилди.

Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, долзарб халқаро масалалар, мамлакатимизда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ишлар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Розмари ДиКарло Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломини етказиб, у 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ тузилмаларидаги иштироки фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган бешта резолюцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон 2020-2021 йилларда ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича 32-минтақавий конференциясида раислик қилгани, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб киргани, ЮНЕСКОнинг кичик ёшли болалар тарбияси ва таълими бўйича жаҳон конференцияси ва Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг (ЮНВТО) Бош ассамблеясини ўтказишни режалаштираётгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва афғон халқига кўмаклашиш лойиҳаларини амалга ошириш, Марказий Осиёда барқарор тараққиётни илгари суриш ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.