ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Маҳалла-сектор-туман-вилоят-республика” тизими асосида ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турларига жалб қилишга хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумига старт берилди. Ушбу мавсум доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ва мусобақаларда иштирок этиш учун жами 238 минг 803 нафар ёш электрон тарзда рўйхатдан ўтган.
Дастлабки мусобақалар стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича ўтказилди. Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тахиатош, Кегейли, Қанликўл, Қўнғирот туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги маҳаллаларда белгиланган дастур асосида ўтказилди.
Мазкур босқич доирасидаги спорт мусобақалари ва танловлар сентябрь ойи охирига қадар республиканинг барча туман ва шаҳарларида тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Кейинги босқичлар октябрь ва ноябрь ойларида ташкил этилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА