Давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ тизимли равишда Россиянинг қурол импорт қилиш каналларини ёпмоқда ва келгусида ҳам босимни давом эттираверади.

«Ҳозир Москва Шимолий Корея ва Эрондан ҳарбий ёрдам сўрамоқда. Чунки биз тизимли равишда унинг қурол импорт қилиш йўлларини ёпмоқдамиз ва босим ўтказишни давом эттираверамиз», – деди Блинкен. Давлат котибининг ушбу сўзлари Владимир ЗеленскийнингTelegram-каналида намойиш қилинган видеоматериалда келтирилди.

Унинг айтишича, токи, Украинага қарши босқин тўхтатилмас экан, АҚШ ушбу сиёсатини давом эттираверади. Аввалроқ, М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат университети жаҳон сиёсати факультети доценти Алексей Фененко гўё Россия КХДРга қурол сўраб мурожаат қилгани ҳақидаги Америка матбуотида тарқалган хабарларга изоҳ берар экан, ушбу хабарларнинг барчаси Россияни кучсиз қилиб кўрсатиш мақсадида тарқатилган, деб таъкидлаганди.

Унинг айтишича, Россия мудофаа саноати бошқа мамлакатлардан қурол харид қилишга эҳтиёж туғдирмайдиган даражада самарали ишламоқда.