“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) ҳамкорлигида “Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар: асосий ўзгартиш ва қўшимчалар” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ахборот хизматидан маълум қилинишича, тадбирда Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси ва Конституциявий комиссия аъзолари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, АНКАСАМ раҳбарияти ва етакчи экспертлари, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Туркиянинг Уфук университети илмий доира вакиллари ҳамда ҳуқуқ, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирок этди.

Халқаро давра суҳбатини “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда АНКАСАМ директори Мехмет Сейфеттин Эрол модератор сифатида бошқариб борди.

Дастлаб «Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков асосий қонунга киритилиши таклиф этилаётган ташаббуслар ҳамда қонун лойиҳасида акс эттирилиши кўзда тутилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Жумладан, Конституцияга киритилган ўзгартишлар, биринчи навбатда, асосий қонун даражасида инсон ҳуқуқи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш кафолатлари, унинг ижтимоий ҳимояси ва иқтисодий фаровонлиги мустаҳкамланадиган Янги Ўзбекистон қурилишига қаратилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, Парламент аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари барча босқичлари ҳамда ушбу жараён ташкил этилиши билан боғлиқ маълумотлар айтиб ўтилди.

Шундан сўнг туркиялик эксперт ва мутахассисларнинг Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари тингланди.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар, шунингдек, бошқа ижобий ўзгаришлар ривожини ҳалқаро ҳамжамиятга етказишда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз, – деди  АНКАСАМ раҳбари Мехмет Сейфеттин Эрол. – Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланган таҳлилий ва ахборот материалларининг турк тилидаги таржимаси мунтазам равишда АНКАСАМ веб-сайтида чоп этиб келинмоқда. Бу эса, Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари орқали турк ҳамжамиятини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор бўлиб боришини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Джем Карадели, Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) директорининг бош маслаҳатчиси:

– Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўзининг кейинги тараққиёт йўли ва мақсадларини аниқ белгилаб, мамлакатда демократик ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширди, ҳозирда эса мазкур жараён янги босқичга кўтарилди.  Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг чуқур ўйланган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириши, халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имжини шакллантирди.

Энг муҳими, ислоҳотларнинг марказида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи тургани бизни қувонтиради. Хусусан, мамлакатда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фуқаролик институтларини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим ютуқлар қўлга киритилганини эътироф этиш лозим.

Незахат Демирай, Туркиянинг Уфук университети доценти;

– Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим бўлган зарурат ҳисобланади. Муҳими ушбу ўзгартиришлар жараёнида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати тамойилига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар халқаро меъёрларга мос келади. Конституциявий тузатишлар лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига киритилиши, аҳолидан таклифлар қабул қилиниши ижобий ҳолатдир.

Шу билан бирга, ўлим жазосининг Конституциявий қонун даражасида бекор қилиниши, Конституциявий ўзгартишлар доирасида қабул қилинган ислоҳотларни янада кучайтириш ва келгусида ҳаракатга келтириш муҳим саналади.

Эмра Кая Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) халқаро алоқалар бўйича мутахассиси;

– Ўзбекистон Марказий Осиёдаги жадал ривожланаётган давлат ҳисобланади. Хусусан, буни Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ҳам кузатиш мумкин. Сабаби, Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича қарор қабул қилиш жараёнида аҳолининг, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институларининг фаол иштирок этаётганлиги сезилмоқда.

Бу конституциявий ислоҳотлар халқ манфаатларидан келиб чиқаётгани, жамиятнинг кенг қатламларидан таклифлар олинаётганининг далолатидир. Шунингдек, «Инсон – жамият – давлат» тамойилининг конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйилиши давлатнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

ЎзА