Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаса, уларни нималар кутаётганини эслатиб ўтди.

Қайд этилишича, солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи бўлган юридик шахс ёки жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.

Ҳисоботларни вақтида топширмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорларга базавий ҳисоблашнинг 3 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.  Юридик шахснинг раҳбарига эса БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилади.

Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, Солиқ кодексининг 220-моддасида тадбиркорларга солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаслик илгари тадбиркорлик субъектига нисбатан маъмурий жавобгарлик билан бир қаторда молиявий санкциялар қўлланишига ҳам сабаб бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 7 сентябрдаги «Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан ушбу молиявий санкциялар бекор қилинган.

Давлат солиқ қўмитасининг қайд этишича, солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини белгиланган муддат тугаганидан кейин 10 кун ичида тақдим этмаса, солиқ тўловчининг банк ҳисоб варақлари бўйича операциялари тўхтатилади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик биринчи маротаба содир этилса, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун ичида ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда жавобгарликдан озод этилади.

Мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилинган тадбиркорлик субъектлари ушбу солиқларнинг 1 фоизини тўлайди. Бу меъёр Солиқ кодексининг 483-моддаси, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган имтиёзларга нисбатан қўлланилади. Эслатиб ўтамиз, ўзгариш 2022 йил 7 августдан кучга кирган.

1 фоиз ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар жорий йил 10 августгача солиқ органларига мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича янгиланган маълумотномани тақдим этиши, август ойи учун ҳисобланган суммани тўлаши шарт.

Ш.Маматуропова, ЎзА