Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда 1999-2001 йилларда туғилган ўғил ва қизлар иштирок этиб ғолиблик учун куч синашди.

Турнирда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган атлетлар мусобақанинг баландлик, узунлик ва уч ҳатлаб сакраш бўйича баҳсларда беллашди.
Мусобақада ҳамюртларимиздан Алина Яблокова, Ольга Шлентова, Роксана Худоярова, Ўғилой Абдулазизова, Асилбек Тўрақулов, Вадим Чикалов, Ислом Сибагатулин, Александр Степанов ўз ёш тоифаларида олтин медални қўлга киритди.

Турли масофага югуриш баҳсларида Виолетта Иванина, Татьяна Рибакова, Сабина Умарова, Вероника Гришина, Саноат Нўъмлнжонова, Умид Ўктамов, Темур Мусаев, Ҳумоюн Маҳмудов, Дилшодбек Бобоқулов, Нодир Мутолипов маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Тўсиқлар оша 60 метрга югуришда Виолетта Иванина ва Раҳмонжон Итолмосов ёшлар ўртасида барча рақибларини ортда қолдирган бўлса, Хуршидабону Ҳоллиева ҳамда Самариддин Нуриддиновга ўсмирлар ўртасида ҳеч ким тенг кела олмади.

Турнирнинг ядро улоқтириш баҳсларида Ислом Тошпўлатов ва Ригина Адашбоева, Зебинисо Камолдинова ҳамда Шаҳзод Мардонов ёшлар ўртасида ғалаба қозонди.
Халқаро турнирда умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Тожикистон ва Қирғизистон термалари иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА