Жорий йилнинг 9-27 январь кунлари Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтин медални қўлга киритганидан ва уларнинг бу улкан ғалабаси Президентимиз томонидан муносиб баҳоланиб, терма жамоа мураббийлари ва футболчиларга Президентимиз совғаси – «Malibu» автомобиллари топширилганидан хабарингиз бор.
“Озодлик” эса “Чемпионларга президент берган «Малибу» совғаси кемтик бўлиб қолдими? Нега президент совғаси учун футболистлардан пул сўралмоқда?” сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Биз бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Сардор Раҳматуллаев ва терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров билан боғландик.
Сардор Раҳматуллаев:
– Бу нотўғри ва бўлмаган гап. Президент совғаси – бу терма жамоамизнинг ғалабасига эътиборининг яққол ифодасидир. “Озодлик”нинг мақоласидаги барча гаплар этикага тўғри келмайдиган ёлғон ва ғийбат. Ҳеч ким на терма жамоа аъзоларидан, на футболчилардан Президент совғаси учун пул талаб қилмаган ва талаб қилмайди ҳам. Улар ҳамма тўловлардан, ҳатто, маълум миқдорда тўланадиган солиқлардан ҳам озод этилган. Автомобилларнинг расмийлаштирилмаганига келсак, бу иш жараёни билан боғлиқ масала. Айни пайтда ушбу жараён ўз ниҳоясига етди ва терма жамоа мураббийлари ва футболчилар эртага сертификатларни олишади.
Равшан Ҳайдаров:
– Бу гапни эшитиб, жуда кайфиятим бузилди, жаҳлим чиқди. Ҳаммаси ғирт туҳмат, ғаламис кимсаларнинг уйдирмаси. Менимча мамлакатимиздаги ислоҳотларни ва ютуқларни кўра олмайдиган кимсалар томонидан ўйлаб топилган. Пул тўлаш, айниқса, 10 минг доллар тўлашимиз кераклиги ҳақида ҳеч қандай гап сўз йўқ. Аксинча, давлатимиз ва ассоциация раҳбарияти бизни доим қўллаб-қувватлаб, барча шароит ва имкониятларни яратиб келмоқда. Ҳамманинг машинаси ўзида. Футболчиларимиз ота-онасига совға қилишди. Мураббийларимиз ҳам, футболчиларимиз ҳам бу ҳақда ўйлаётгани йўқ. Асосий эътиборимизни Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига қаратганмиз. Март ойи охирларида яна машғулотлар, ўртоқлик ўйинларини ўтказишни режалаштиряпмиз. Мақсадимиз эса янада улкан ғалабаларга эришиб, Президентимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлашдир.
Юқоридаги фикрлардан маълум бўлмоқда-ки, “Озодлик”нинг навбатдаги “мақола”си ҳам уйдирма ва ёлғон бўлиб чиқди.