Дунёда саноқли, Марказий Осиёда ягона – "Тошкент-Сити"

Қадимда азим кент ичида бирон-бир ихчам шаҳарча қуриладиган бўлса, одатда, уни “Янги шаҳар” деб аташган. Давр ўзгарди, замонавий меъморчилик, урбанизация деган атамалар пайдо бўлди. Инсон табиати нозиклашди. Хизмат турлари кўпайди. Янги шаҳарлар қурилишида янги лойиҳалар, янги қурилиш усуллари, янги ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Энди “Янги шаҳар” ўрнига шаҳар номига инглизча “Сити” (шаҳар деган маънони англатади) сўзи қўшилиб айтиладиган бўлди: “Лондон-Сити”, “Москва-Сити”, “Анқара-Сити”, “Боку-Сити”. Ўзбекистон пойтахтида ҳам энди “Тошкент-Сити” деган шаҳарча қурилиши бошланди.

«Тошкент-Сити» пойтахтимиз марказидаги 80 гектар майдонни эгаллайди, фақат бинолар қуриладиган ер сатҳининг ўзи 1 миллион 400 минг квадрат метр. Шу пайтгача бу ерда яшаган 2 минг аҳоли, бутун бошли маҳалла бошқа жойга кўчирилмоқда.

22384254_360356691076445_775860909029602647_o.jpg

Бўшаган майдонларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари ўтказиш учун тозалаш, текислаш, қазиш, кабель ётқизиш ва бошқа ишлар амалга оширилаяпти.

«Тошкент-Сити» Ўзбекистон пойтахтининг қоқ марказида – бир томонидан “Киночилар уйи” деб юритилган, Ислом Каримов проспектидаги Ўзбекистон кинематографчилар уюшмаси, кинозаллар жойлашган бинодан бошланиб, то Хадра майдони, Алишер Навоий шоҳ кўчасига қадар бўлган ҳудудда қад ростлайди. “Тошкент-Сити” режа бўйича 4 йилда – 2021 йилга қадар қуриб битказилиши лозим.

22426249_360356781076436_7112880047712623087_o.jpg

– Пойтахт марказидаги бу шаҳарча катта суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистон учун бугун сув ва ҳаводек зарур, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, шаҳар бош архитектори Асомиддин Тожиев. – «Тошкент-Сити» юртимизга келган инвесторлар, олий даражадаги меҳмонлар, хорижий сайёҳлар учун барча имкониятларга эга бўлган шаҳар ичидаги «кичик шаҳар» бўлади.

Тўғри, Тошкентда илгари Ўзбекистон кўчасида ўтган асрнинг 70-80 йилларида қад кўтарган бинолар ансамбллари, мустақиллик даврида собиқ Ғалаба истироҳат боғи ва кўли четида қурилган Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки биноси, туркиялик қурувчилар барпо этган кўп қаватли замонавий меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш бинолари мажмуалари ҳам барпо этилган эди.

22426342_360356687743112_8227828192996894548_o.jpg

– Биз, – деб давом этади бош архитектор, – Озарбайжон пойтахти Бокуга, Россия пойтахти Москвага, Туркия пойтахти Анқарага бориб Сити шаҳарларни қуриш тажрибасини ўрганиб келдик. Ва ишга етти ўлчаб бир кесиб, жуда пухта ва эҳтиёткорона ёндашмоқдамиз. Биргина Туркиянинг ўзига 10 нафар мутахассис бориб тажриба орттириб келди.

«Тошкент-Сити»ни қуриш танловида ўнлаб йирик лойиҳачи гуруҳлар иштирок этди. Танловда Буюк Британиянинг АRUP консультатив фирмаси ғолиб чиқди. Мазкур фирма бутун дунё бўйича маъмурий офис бинолари, Сити шаҳарлар, дам олиш, ҳордиқ чиқариш масканлари ва саноат иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича ихтисослашган.

22426631_360356784409769_6550908302891126493_o.jpg

Фирманинг лойиҳачи, муҳандис-техник ходимлари, қурувчилари биз ҳали кўникиш ҳосил қилмаган ажойиб конструкциялардаги доирасимон, спиралсимон, тўртбурчак, очилаётган гул ғунчаси каби, Бобил минораси мисол устунсимон улкан ва баланд, БМТнинг биносига ўхшаган очиқ китоб шаклида, куб, доира, ҳалқа, пирамидасимон, томларида ям-яшил боғ-роғлар ўсаётган меҳмонхоналар, тик, ётиқ, ёнбошлаган ҳолда жойлаштирилган ва ҳар биттаси муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган 40-50 қаватли, агар заминингиз кўтарса, ундан ҳам баланд уйлар, офис бинолари, отелларни ўзлари лойиҳалаштириб, ўзлари барпо этишмоқда.

Одатда, Ситиларнинг 10-, 20-, 30- ёки бошқа бир истаган қаватда осма боғлари бўлган, росмана гул ва дарахтлар ўсаётган, фавворалари отилиб турган, яшаш, меҳнат қилиш, дам олиш, ҳордиқ чиқариш учун ниҳоятда қулай бўлган меҳмонхона ва офис бинолари, юқори қаватларга илон изи йўлидай қаватма-қават ўзи юриб чиқадиган ёки лифтда кўтариб тушириладиган автомашина гаражлари бўлади.

22528709_360356754409772_4433497951793873182_o.jpg

Айтиш лозимки, қадимда горизонтал ҳолда жойлашган бир қаватли уйлардан иборат одатдаги анъанавий кўчалар, маҳаллалар бўлган бўлса, энди уларнинг ўрнини тик осмонга қараб йўналган подъезд-маҳаллалар эгаллайди.

«Тошкент-Сити»даги ҳар бир бино қурилишида серқуёш Ўзбекистон, Тошкентнинг кескин континентал иқлими: ёздаги жазирамаси, қиш қаҳратони ҳавоси шароитида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган офтобнинг қайси томондан чиқиши, орбита бўйлаб йўналиши, ботиши, бино хоналаридаги тоза ва мўътадил ҳавони таъминлаш ҳисобга олинмоқда. Лойиҳа бўйича айни туш пайтида қуёшнинг жазирама нурлари тўғридан-тўғри дераза ойналарига тик тушмайди. Бинонинг ичи табиат фаслларига монанд қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши таъминланади. Замонавий қулайлик яратиб берадиган ҳавони иситиш ва совутиш ускуналаридан ҳам унумли фойдаланилади. Кўзни қамаштирадиган қуёш нурлари тўғридан-тўғри юзга ёки дераза ойналарига урилмайди. Ҳар бир бинонинг турган жойи, хона ва деразалари сояга ёки ёруғликка қараб жойлашиши алоҳида эътиборга олинмоқда.

22426208_360356817743099_7207533760442156840_o.jpg

Айниқса, ёшларга маъқул бўладиган томони шундаки, Сити бинолари гўё булутлардан ўтиб, самога йўналади. Бу Тошкентга қор, ёмғир олиб келаётган булутлар Сити бинолари юқори қават деразаларининг тагидан сузиб ўтади, деганидир. Сити, айниқса, кечаси, турли безак чироқлари ёритилган пайтда ажойиб чирой кашф этади.

Сити қурилиши Ўзбекистонда кўп қаватли бинолар барпо этиш тажрибаси, амалиётини янги поғонага кўтаради. Тошкент сейсмик зонасига мослаштирилган мустаҳкам, чидамли ва бехатар бинолар қад ростлайди. Ахир зилзила кўп бўладиган Токио, Шанхай, Пекинда ҳам 60-70 қаватли бинолар қуриш амалиёти авжида-ку?!

«Тошкент-Сити» мажмуасида алоҳида мактаб ва мактабгача тарбия муассасалари ҳудуди бўлади. Ўқиш бу ерда эҳтиёжга қараб ўзбек, инглиз, рус, хитой, ҳинд ва бошқа Шарқ ва Европа тилларида олиб борилади. Сўзсиз таълимда замонавий ахборот-коммуникция технологияларидан кенг фойдаланилади.

Дам олиб, маданий ҳордиқ чиқариладиган алоҳида хиёбонлар ҳудудини яратиш кўзда тутилган.

Ресторан, кафелардан иборат алоҳида умумий овқатланиш корхоналари ҳудуди ҳам барпо этилади. Айтгандек, таомнома ҳам Европа, ҳам Шарқ халқлари таомлари ва, албатта ўзбек палови, кўк сомсаси, кабоби, қайнатма шўрвасию қовурма лағмонидан иборат бўлади. Дастурхонда қишин-ёзин узум, олма, шафтоли, ўрик, анор дейсизми, қовун-тарвуз дейсизми, барчаси муҳайё бўлади. Бухоронинг қўли гул зардўзлари тилло ипи билан тиккан буюмлар, Наманган хонатласию банораслари, кулолчилик, заргарлик, қандолатчилик маҳсулотлари ҳаммаси бисёр бўлади. Буларни меҳмонлар ўзи билан олиб кетишига имконият яратилади.

Сарф қилинадиган маблағлар ҳам чакана эмас. 45-50 қаватли меҳмонхона ва офис биноларининг ҳар бири кўпи билан 250 миллион долларга тушади. Буларга сарфланган маблағлар бир неча бор ортиқроқ қилиб оқланиши керак. Ўзимизнинг мебелчиларимиз ҳозир импортдан қолишмайдиган даражада меҳмонхона, ётоқхона, ошхона, офис мебелларини ишлаб чиқармоқда. Асосан чет эллик меҳмонлар яшайдиган, ишлайдиган «Тошкент-Сити»нинг шартлари, талаби янада юқори бўлади. Шу сабабли улар миллий ҳунармандлигимизни ўзида акс эттирган чиройли, ўта мустаҳкам, жуда қулай мебеллар тайёрлаб бериши керак.

«Тошкент-Сити»да 40-45 қаватли 2 та банк биноси ва 230 ўринли 5 юлдузли меҳмонхона, конгресс-холл қад кўтаради.

«Тошкент-Сити»нинг қурилишига 3-5 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланиши мўлжалланмоқда.

Ситида инновация боғи, спорт майдончалари, волейбол, теннис кортлари, махсус югуриш йўлаги қурилиши кўзда тутилган.

«Тошкент-Сити» бизнес маркази мажмуасида ҳамма нарса муҳайё этилади. Хизматнинг барча турини узоққа бормай, ҳатто бинодан ташқарига чиқмай, яқин ва қулай жойда, бинонинг ўзида ёки шундоққина ёнида бажариш имконияти пайдо бўлади. Мажмуада инвесторлар учун барча қулайлик яратилади. Валюта айирбошлашми, ресторан, кафе, интернет-магазинми, турли русумдаги енгил автомобиль ёки бошқа бир техника воситасини ёллаш, ижарага олиш пунктими, сауна, кийим тозалаш, соч-соқол олиш, қўйингки, истаган нарсангизни шу ернинг ўзида топасиз.

Бизнинг Сити бизнес марказимиз дунёдаги энг зўр, юқори малакали, юксак маданиятли, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатадиган марказ бўлиши керак. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дунёда Сити шаҳарчалари ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича жуда катта рақобат мавжуд. Айрим ривожланган давлатлар иқтисодий-молиявий тараққиётининг манбаи ҳам ана шунда!

«Тошкент-Сити»да алоҳида савдо ҳудуди барпо этилади. Сифатли кўрсатилган хизмат, аввало, кўп меҳнат ва, ҳайрон бўлманг, меҳр, қолаверса, албатта, нозик ва пухта ижодий ёндашувни талаб қилади. Бу хизмат, тан олиш керак, қиммат туради, лекин ўзидан ажойиб таассурот қолдиради. Демак, Тошкент Ситида кўрсатилган хизмат дунёнинг энг йирик шаҳарларидаги энг зўр Ситилардаги хизматдан ҳам юқорироқ ва сифатлироқ бўлиши, зўрроқ ижобий таассурот қолдириши керак. Шундагина тадбиркор, ишбилармон, бизнесменда яна Ўзбекистонга, Тошкентга, «Тошкент-Сити»га қайтиш иштиёқи пайдо бўлади.

Бизнесмен, ишбилармон, тадбиркор ҳаётда роса пишган, кўпроқ таҳлилий, танқидий фикрлайдиган, катта ақл ва идрокка эга бўлган, тез ўйлайдиган, тез ҳаракат қиладиган, зудлик билан хулоса чиқариб, қарор қабул қиладиган инсон бўлади. Бизнесменнинг муваффақияти ҳам ана шунда. Унга хизмат кўрсатадиган Сити ходими эса ундан, яъни мижоздан ҳам тез ўйлайдиган, мижоз бир фикрга келмасдан унинг мақсадини англаб, бир қарорга келишига ёрдам берадиган, ундан ҳам ақлли, ишбилармон, тадбиркор бўлиши лозим. Мижознинг юзига, кўзига қараб унинг истак-хоҳишини тезда уқиб, режасини билиб оладиган киши бўлиши ва қулай фурсатдан фойдаланиб ўз хизматини таклиф этиши лозим. Сити ходими юксак эстетик дидга эга бўлган, тез ва нозик фикрлайдиган психолог, руҳшунос, сўзда-гапда филолог, дипломат бўлиши даркор.

45-50 қаватли бинолар Марказий Осиёда биринчи бор қад кўтарадиган бўлди. Қурувчи, лойиҳачиларимизнинг ҳам бу соҳада ҳали тажрибаси йўқ. Сити қурилиши Ўзбекистон шароитида ана шундай кўп қаватли уйлар барпо этадиган қурувчи, ишчи-мутахассисларни шакллантиради.

«Тошкент-Сити»нинг ўзига хос муаммолари ҳам мавжуд. Лойиҳачилар ҳозир ана шундай йирик бир муаммога дуч келди. Замин, ернинг мураккаб геологик структураси, геотехтоник хусусиятлари сабабли, лойиҳаю қурилиш ишларини ниҳоятда пухта ва сифатли олиб бориш шартлиги маълум бўлди. Бу муаммони ҳал этиш устида шу соҳада катта тажриба тўплаган тўрт давлат: АҚШ, Ўзбекистон, Россия ва Япония олиму мутахассислари ишга киришган. Бурғулар ёрдамида 40-50 метр пармалаб, ерга кириб бино асослари – пойдевор қисмлари ўрнатилиши лозим. Ер остидаги ўзлаштирилган майдонларни ҳам тупроқ босиб ётмайди, бу жойларни ер ости гаражлари эгаллайди. «Тошкент-Сити» биноларининг пойдевори остида 14-16 минг автомашинага мўлжалланган 2-3 қаватли гаражлар барпо этилади.

Мухтасар айтганда, «Тошкент-Сити»да бугун иш қизғин. Насиб қилса, яқин келажакда пойтахтимизда қад ростлаётган бу «кичик шаҳар»нинг бутун кўрку таровати, жозибасию салобати, салоҳиятини ўз кўзингиз билан кўрасиз.

 

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА