Туризм субъектлари учун яратилган шарт-шароитни янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида оилавий меҳмон уйи очмоқчи бўлган кичик тадбиркорлик субъектига тижорат банки томонидан миллий валютада 5 миллиард сўмгача уч йил муддатли компенсация берилади.

Маблағ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.

Шунингдек, энди туристик ахборот марказини Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида бепул жойлаштириш мумкин.

Ўтовли ва чодирли оромгоҳ хизматини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, ўрганиш далолатномаси асосида оилавий меҳмон уйи, хостел, ўтовли ва чодирли оромгоҳни Оилавий меҳмон уйи ва хостел ягона реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.

Маълумки, ҳозир янги қурилган меҳмонхонаси 3 юлдузли тоифа ва 50 дан кам бўлмаган хона фондига ёки 4 юлдузли мақом ва 100 дан кам бўлмаган хона фондига эга бўлганда инвесторга субсидия ажратилади. Қарорда “янги қурилган меҳмонхона” тушунчаси ҳам мустаҳкамланди.

Яъни,тасдиқланган лойиҳа асосида капитал бино ва иншоот сифатида қурилган ёки охирги ўн йил меҳмонхона фондида мавжуд бўлмаган ҳолда қайта қурилган меҳмонхона янги қурилган меҳмонхона ҳисобланади. Шунингдек, қурилиш жараёнида ўзгартирилган лойиҳа бўйича (меҳмонхонани реконструкция ва (ёки) реновация қилиш бундан мустасно) жойлаштириш воситаси сифатида қурилиб, янгидан ишга туширилган объект ҳам янги қурилган меҳмонхона сифатида қайд этилади.

ЎзА