Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Мактабгача таълим тизимида яқинда қайд этилган 3 та ўлим ҳолатида ҳам учала боланинг ота-онаси боланинг касаллик турларини билиб туриб тиббиёт варақасини бола соғлом тарзида МТТга тақдим этган. Маълумки, боланинг тиббиёт картаси хулосасида берилган маълумотларда касаллик турлари қайд этилса, биринчи тиббий ёрдамни қандай усулда бериш аниқ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева тақдим этган маълумотларга кўра, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида МТВ томонидан педагог тарбиячиларни ҳам биринчи тиббий ёрдам бериши учун махсус дастур ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, мактабгача таълим тизимида тиббий хизматни сифатли ташкил этиш мақсадида МТВ, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамда ЮНИСЕФ кўмагида тизимда ишлаётган ҳамширалар малакасини ошириш учун махсус видеоматериаллар орқали намойиш этиб берадиган электрон платформа ишлаб чиқилди. Айни дамда МТВ тизимида 8 минг 612 нафар ҳамшира фаолият юритади, улардан 26 таси олий маълумотли.

Лекин 2021-2022-йиллар мобайнида МТТ фаолиятини ўрганиш натижасида айрим камчиликлар аниқланган. Хусусан, туман соғлиқни сақлаш бўлимлари ва бириктирилган поликлиникалар билан ҳамкорликда фаолиятни ташкил этиш ва тадбирларнинг олиб борилиши йўлга қўйилмаган. Поликлиника ва мактабгача таълим ташкилотлари, мактабгача таълим туман бўлимлари ва туман тиббиёт бирлашмалари ўртасида узвийлик йўқлиги сабабли мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинганда болаларнинг саломатлик ҳолати тўғрисида тўлиқ маълумот олишнинг имкони бўлмаган.

Қайд этилишича, давлат мактабгача таълим ташкилотлари тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш соғлиқни сақлаш тизимидаги малака ошириш муассасаларида ҳар уч йилда камида бир марта бепул амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Охирги 5 йил давомида малака оширган (2018-2022й) мактабгача таълим ташкилотлари ҳамшираларининг сони республика бўйича 3467 нафарни ташкил этди. Бу мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ҳамшираларнинг умумий сонига нисбатан 40,2 фоизни ташкил этади. Қолган 5145 (59,8%) нафари 5 йилда малака оширмаган.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА