Ўзбекистон Рспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов Оролбўйига ташрифи давомида деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашди.

“Долзарб 30 кунлик” давомида қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги ишларни янада жадаллаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш, дала ва томорқаларда етиштирилаётган ҳосилнинг сифатли бўлишини таъминлаш мақсадида  Хўжайли  туманидаги  “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Шукуруллаева Толғанай” фермер хўжалигида  семинар ташкил қилинди. Унда туманда фаолият юритаётган деҳқон ва фермер  хўжаликлари  раҳбарлари,  ҳоким  ёрдамчилари  ва  ёшлар етакчилари иштирок этди.

Семинарда  партия  раҳбари   давлатимиз раҳбарининг  жорий йилнинг 27 июль кунги пахтачиликдаги долзарб ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган  йиғилишда белгилаб  берган  устувор  вазифалар,  сўнгги  йиллардаги  иқлим  ўзгаришлари  пахтачилик  олдига янги вазифалар  қўяётгани, барча  ҳудудларда  амалга  ошириш  бўйича “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинганини, ҳозиргидек об-ҳавонинг  аномал иссиқ пайтида ҳосилни сақлаб қолиш, ердан унумли фойдаланиш бўйича керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди. “Шукуруллаева Толғанай” фермер хўжалиги  асосан  пахта   ва  ғалла етиштиришга мўлжалланган  бўлиб,  66  гектарнинг  39 гектари  пахтага, 15 гектари  буғдойга  йўналтирилган. Шамурат  Есшанов  раҳбарлик  қиладиган  мазкур фермер хўжалигида бугунги кунда 11 киши доимий  ва 60  нафарга  яқин  киши  мавсумий иш олиб бормоқда.

Кейинги манзил Беруний туманидаги Шаббоз овул фуқаролар йиғини ҳудудида сектор раҳбарлари ва соҳага тегишли масъуллар иштирокида ўтказилган дала семинарида  тадбирнинг  мазмун-моҳияти ва бажарилиши лозим бўлган ишлар тушунтирилди.

Томорқадан  унумли  фойдаланиш  иссиқхона  ташкил қилган ҳолда бир йил давомида 3 маротаба ҳосил олиш узумчиликни ривожлантириш бўйича  туманда  яратилган  имкониятлар  қайд этилди. Томорқа  кластери  томонидан  узумчилик  йўналиши, ундан олинадиган фойда ва ток етиштириш сирлари ўргатилди.

Тумандаги  ибн-Сино маҳалласида 3 сотих ерда узумнинг 5 хил нави етиштирилаётган бўлиб, ўз вақтида берилган эътибор сабаб бу йил мўл ҳосил олинмоқда.

Семинар иштирокчилари боғбоннинг томорқасини кўздан кечириб, тажрибаси билан ўртоқлашди.

“Беруний текстил инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан  2022  йилнинг  6 ойи  давомида 6 миллион 107 минг долларлик ип калава маҳсулоти  Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинган.

2021-2022 йилги дастурга 900 миллион долларлик инвестиция киритилган бўлиб, Туркия ва Япония давлатлари ҳамкорлигидаги  “Жуки” компаниясидан 540 минг долларлик тикув машиналари келтириб ўрнатилган. Лойиҳа қиймати 15,5 мллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳа ишга туширилиши билан 500 та янги иш ўрни яратилади.

Спикер ўринбосарининг ташрифи  Тўрткўл туманида ҳам давом этди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА