Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов «Корея-Ўзбекистон» парламент Дўстлик уюшмаси раиси Парк Кванг Он бошчилигидаги Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси делегацияси билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида қайд этилганидек, Жанубий Корея парламенти вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи очиқлик, ўзаро ҳурмат ва бир-бири манфаатини ҳисобга олиш тамойилига асосланган дўстлик, махсус стратегик шериклик муносабатини акс эттиради. Мазкур учрашув мавжуд алоқалар янада кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганидан яна бир бор дарак берди.

Пак Кванг Он Корея Республикаси Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар, жумладан, мамлакатнинг асосий қонунини ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жараёнини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Миллий Ассамблея Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи якунида эришилган келишувлар ижросига кўмаклашишга тайёрлиги таъкидланди.

Турли даражадаги, жумладан, «Марказий Осиё + Корея Республикаси» шаклидаги бўлажак тадбирлар жадвали бўйича фикр алмашилди.

Рақамлаштириш ва электрон ҳукумат соҳаларида ҳамкорликни жадаллаштириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали иқтисодий дипломатияни фаол илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Пак Кванг Оннинг таъкидлашича, Ўзбекистон Корея Республикаси учун инвестиция киритиш, биргаликда қўшимча ишлаб чиқариш қувватини ташкил этиш ва бизнес юритиш нуқтаи назаридан жозибадор мамлакат бўлиб қолмоқда.

 

Ғ.Хонназаров, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА