Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда турли соҳаларда кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўтган даврда реал ялпи ҳудудий маҳсулотлар ҳажми –132 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми – 133 фоизга, қурилиш ишлари – 2 баробарга, қишлоқ хўжалиги – 120 фоизга ва хизматлар ҳажми – 175 фоизга ўсди.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий қилиниб, жойларда  “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, “Темир дафтар”га киритилган 32,5 минг оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлган 45 минг нафар ишсиз аъзоси бандлиги таъминланди.

“Ижтимоий реестр” жорий қилиниб, 100 мингдан зиёд оилага ижтимоий нафақа ва ёрдам бериш йўлга қўйилди. Бу олдинги йилларга нисбатан 2,5 баробарга кўп. Кичик бизнес субъектлари сони 2 баробарга кўпайиб, қарийб 21 мингтага етди. Жами 12,7 триллион сўмлик жами 4392 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, қарийб 30 мингта янги иш ўрни яратилди.

Ҳудудда саноатнинг жадал ривожланишига асосий туртки бўлган тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, фармацевтика, мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўртача 3 баробарга ўсди. Жумладан, Элликқалъа туманида “Бўстон мега текстиль” масъулияти чекланган жамиятида ип-калава ва жинси мато ишлаб чиқариш, Қораўзак туманида “Титан цемент” корхонаси, Нукус шаҳрида шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариладиган “Нукус мед тех” масъулияти чекланган жамияти, Тўрткўл туманида фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида қўлланиладиган шиша идишлар ишлаб чиқариладиган “Тўрткўл шиша идишлари” корхонаси каби йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Нукус шаҳрида “Нукус” эркин иқтисодий зонаси ҳамда 16 та туманда кичик саноат зонаси ташкил этилди. Хусусан, “Нукус” эркин иқтисодий зонаси умумий қиймати 18,3 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида 217 миллиард сўмлик 98 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2016 йилгача 15 миллион долларга етмаган бўлса, 2021 йилда 100 миллион доллардан ошди. Ўтган йиллар мобайнида хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналар сони 50 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда 167 тага етди, экспортёр корхоналар сони 2 баробарга ошди. Натижада умумий экспорт ҳажми 2011-2015 йилларга нисбатан 3,5 баробарга ошиб, 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг атиги 4 фоизи экспортга йўналтирилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда 30 фоизга етди.

“Қорақалпоғистонга инвестиция киритинг” шиори остида вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Қорақалпоғистоннинг биттадан шимолий туманлари ва Нукус шаҳрига бириктирилди. Улар томонидан ушбу ҳудудларда умумий қиймати 524 миллион АҚШ доллари бўлган 318 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу 18 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Жумладан, Андижон вилоятининг “Кегтекс кластер” корхонаси Кегейли туманида 29 миллион АҚШ доллари сармоя ҳисобига 7,5 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш, 6 минг тонна ип-калава, 6 минг тонна мато тўқиш, 3,3 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳаларини босқичма-босқич ишга тушириш ва 1000 та янги иш ўрнини яратиш, Сирдарё вилоятининг “Бест сан ойл” корхонаси томонидан Қонликўл туманида 20,5 миллион АҚШ доллари инвестиция эвазига йилига 10 минг тонна мойли экинларни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш ва 500 та янги иш ўрни яратиш, Тошкент шаҳрининг “АКФА Ассэмбли” корхонаси томонидан Нукус шаҳрида қиймати 6 миллион АҚШ доллари бўлган, йилига 300 минг квадрат метр замонавий эшик ва ромлар ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш ва 230 та иш ўрни яратиш бўйича чоралар кўрилди.
Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида, қарийб 13 мингта хонадонли уй-жойлар барпо этилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 230 миллиард сўм маблағ эвазига 81 та олис қишлоқ ва овулларнинг қиёфаси тубдан ўзгарди.

Марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 40 фоиздан 68 фоизга кўтарилди. 411 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланишига ва 420 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилди. 2252 километр автомобиль йўли, 2,2 минг километр электр ва 169 километр газ тармоғи қурилди ва қайта таъмирланди. 133 та соғлиқни сақлаш объектида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 26 та мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилди, 102 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди, 83 та хусусий шерикчилик асосида ҳамда 897 та оилавий боғчаси ташкил этилиши ҳисобига боғчалар қамрови даражаси 32 фоиздан – 75 фоизга кўтарилди. Жами 58,6 минг қувватга эга 641 та умумий таълим муассасаси тўлиқ таъмирланди, 19 та касб-ҳунар коллежи биноси умумтаълим мактабларига айлантирилди,  23 та янги мактаб ташкил этилди.

– Мўйноқ туманида сўнги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – дейди меҳнат фахрийси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Бийбихан Утамбетова. – Орол денгизининг суви қуриган тубида “Яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида 1730 минг гектардан ортиқ майдонда саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги тадбиркор ва фуқаролар учун 10 йил муддатга ер, мол-мулк, сув солиғи, ижтимоий, фойда, даромад ва айланма маблағдан олинадиган солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди.

Шунингдек, Тахтакўпир, Бўзатов ва Шўманой туманлари ҳамда хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулда жойлашган тадбиркорлар учун ҳам солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 12,3 триллион сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 116,2 фоизга ўсган. 2017-2021 йилларда 9 та пахтачилик, 2020-2021 йилларда 19 та ғаллачилик, 12 та мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилди ҳамда улар томонидан 6,4 миллион долларлик ип-калава ва 2,3 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

2019-2021 йилларда қарийб 39 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилиб, 54,2 минг гектарда сув тежовчи ва суғориш технологиялари жорий этилди ҳамда 2,7 минг гектар интенсив боғ, 4,2 минг гектар токзор барпо этилиб, 100 гектардан ортиқ иссиқхона ташкил этилди. Қиймати 55,1 миллиард сўмлик қуввати 19 минг тонналик 3 та янги агрологистика маркази, 29 минг тонналик 176 та совутгичли омборхона ишга туширилди.

Сув хўжалигида 2017-2021 йилларда 784 миллиард сўмлик 24,9 минг километр узунликдаги канал, 6140 дона гидротехник иншоот, 5136 дона гидропост ҳамда 7641 километр коллектор-дренаж тармоғи ва 9 та гидротехника иншоотини қуриш, реконструкция ва таъмирлаш тиклаш ишлари амалга оширилди. Жами 52,9 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жумладан, томчилатиб суғориш технологияси 9824 гектар майдонда, ёмғирлатиб 446 гектар майдонда, дискрет 12 гектар майдонда ҳамда 4120 гектар кўчма эгилувчан қувур, 511 гектар эгатга плёнка тўшаш усулида суғориш жорий қилинди. 38 минг гектар экин майдонда лазер ускунаси ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилиб, 45,2 миллиард сўм субсидия маблағи ажратилди.

Давлат-хусусий шериклик битимлари асосида 25 та насос станциясини тўғридан-тўғри хусусий секторга берилиши натижасида хусусий шерик томонидан киритиладиган инвестиция лойиҳалари асосида 11 миллиард 814 миллион сўм, эксплуатация ҳаражатларидан тежалган пул маблағи ҳисобидан 260,5 миллион сўм, электр энергиясидан 80,5 миллион кВт.соат иқтисод қилишга эришилди. Юқори ҳосил берувчи иссиқхоналар майдони жами 101 гектарга етказилиб, 8 баробарга оширилди.
Тахиатош туманида ушбу йилларда 22 гектар иссиқхона ташкил этилган бўлса, олдинлари умуман мавжуд бўлмаган Элликқалъа, Шўманой, Нукус туманлари ва Нукус шаҳрида 36 гектар иссиқхона ишга туширилди.

Чорвачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 126 та чорвачилик субъектига давлат бюджетидан 9,5  миллиард сўм субсидия маблағи ажратилди. Аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида наслчилик селекция ишлари тизимли ташкил этилганлиги сабабли наслчилик хўжаликлари сони 107 тага етказилди, наслли моллар улуши 25 фоиздан 54 фоизга етказилиб, 2 баробарга ортди. Ҳар бир туманда 300-500 бошли жами 39 та йирик чорвачилик хўжалиги ташкил этилди. Чорва моллар бош сони 23 фоизга,  қўй-эчкилар бош сони 31 фоизга,  паррандалар бош сони 56 фоизга,  гўшт ишлаб чиқариш 31 фоизга,  сут ишлаб чиқариш 32 фоизга, тухум етиштириш 73 фоизга, асал етиштириш 2,2 баробарга ва балиқ маҳсулотлари 424 фоизга ошди.

2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида қоракўлчилик йўналишида 11 та қоракўлчилик кластери фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 48 та янги лойиҳа ишга туширилди. Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан бугунги кунга кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қарор ижроси доирасида 2803 та лойиҳа ва объектда 21 триллион 209 миллиард сўмлик ишларни амалга ошириш режалаштирилган.  Хусусан, ҳудудий инвестиция лойиҳалари ва саноат кластерлари ташкил этиш бўйича қиймати 12,6 триллион сўмлик 1359 та лойиҳа амалга оширилади. Шундан жорий йилнинг ўзида 4,1 триллион сўмлик 193 та лойиҳани амалга ошириш ва 4898 та янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлса, июль ойигача амалда 109,4 миллиард сўмлик  25 та лойиҳа амалга оширилди. 310 та янги иш ўрни яратилди.

2022-2026 йилларда Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун 43 триллион сўм йўналтирилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,5 баробар, саноат маҳсулотлари ҳажми 1,5 баробар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,2 баробар, хизматлар ҳажми 2,9 баробар ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 1,4 баробар оширилади. Камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, аҳоли даромадини ошириш учун келгуси беш йилда 238 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади. Оролбўйи ҳудудлари инфратузилма жамғармаси ташкил этилиб унга республика бюджетидан ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар туман ва шаҳар Халқ депутатлари Кенгашлари қарори билан ҳудуд учун энг зарур объектларни реконструкция қилишга йўналтирилади.
Беруний, Қораўзак ва Қўнғирот туманларида лойиҳа қиймати 2 миллиард доллар бўлган, жами қуввати 1 минг 800 мега-ваттли шамол электр станциялари ишга туширилиши натижасида 750 мингта хонадон ва 25 мингдан зиёд корхонани таъминлаш учун етарли бўлган электр энергияси ишлаб чиқарилади. Қораўзак туманидаги Тебинбулоқ кони негизида замонавий кон-металлурия комплекси, Қўнғирот туманидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси қошида йиллик қуввати 500 минг тонна полимер маҳсулоти ишлаб чиқарадиган газ-кимё кластерини қуриш бошланади. “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида 180 миллион АҚШ долларлик лойиҳа якунланиб, ишлаб чиқариш қуввати 2 баробарга оширилади.

Келгуси беш йилда Оролнинг қуриган ҳудудида яна 1 миллион гектар ўрмонзор ва бутазор барпо этилади. Нукус шаҳри атрофидаги “яшил белбоғ” майдони яна 200 гектарга кенгайтирилади. Шунингдек, Қўнғирот, Мўйноқ, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларида жами 550 минг гектар ҳудудда табиий қўриқхона, 2022 йилдан бошлаб 1 миллион гектар ҳудудда Оролқум миллий табиат боғи ташкил этилади. Натижада, Қорақалпоғистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони 4 миллион гектарга етказилади.
Қорақалпоғистонда сув таъминоти ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, 100 минг гектарда сув таъминотини ва 120 минг гектарда мелиоратив ҳолатни яхшилаш, шўрланган ерларни 24 минг гектарга камайтириш, 26 минг гектар майдонда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш чоралари кўрилади.

Довуд Абибуллаев, 
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА