Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси вице-президенти Сорена Сатторийни қабул қилди.

Кўп қиррали Ўзбекистон – Эрон муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Фан, инновация ва технологиялар соҳасида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув аввалида Сорена Сатторий давлатимиз раҳбарига Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Кейинги йилларда икки томонлама мулоқотлар ва ўзаро алмашинувларнинг фаоллашуви кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ҳам ортиб бормоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 73 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 22 фоизга ошди.

Қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, изланиш ишлари ва венчур ташаббусларини молиялаштиришга хусусий секторни жалб қилиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги дастурларни қўллаб-қувватлаш, био- ва нанотехнологиялар, IT соҳаларида, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди.

Келажакда, шу жумладан, бўлажак Ўзбекистон – Эрон инновация форуми ва ишбилармонлик тадбирлари доирасида қабул қилинадиган қўшма қарорлар ва имзоланадиган битимларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

ЎзА