USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Жума, 27 Декабрь

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Нукусда ДТМ бўлими очилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Қарорда сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини топширувчи абитуриентлар сонининг ошиб бориши йилига ўртача 10 фоизни ташкил этаётгани, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 мингдан ошиқ абитуриентлар олий таълим муассасаларига ҳужжат топширгани, 2018 йилда бу рақам 810 мингдан ортиқ бўлиши кутилаётгани қайд этилган.

Абитуриентлар сони кескин ошиши тегишли равишда тест синовлари жараёнига давлат бошқаруви органлари билан келишилган ҳолда жалб этилаётган назоратчилар сони ва тест материалларини сифатли тайёрлаш билан боғлиқ ишлар ҳажмини ошириш заруратини туғдирмоқда.

Тест синовлари жараёнига жалб этилаётган иштирокчилар сони ва тест материалларини сифатли тайёрлаш билан боғлиқ иш ҳажмининг ортиб бориши танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши белгиланган талабларга жавоб бермаслигига, бинолар олий таълим муассасаларида ташкил этилган бош штабдан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашишига олиб келди. Бунинг натижасида тест синовларини назорат қилиш сифатининг кескин тушиб кетиши, амалдаги тартибда тест синовларини ўтказишда қатор муаммолар юзага келиши кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 16 ноябрдаги ПҚ-3389-сон қарори билан 2018-19 ўқув йилидан бошлаб кириш тест синовларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларни катта сиғимдаги биноларда видеокузатувлар орқали кенг жамоатчиликка онлайн режимда кузатиб бориш имкониятини яратган ҳолда ўтказиш, тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига расмий сайтда эълон қилиш белгиланган.

Тест синовлари билан боғлиқ бўлган ишларни сифатли, ўз вақтида ва самарали амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг вазифалари ва функцияларини, шунингдек, унинг ҳудудлардаги бўлимларини ташкил этишни тақозо этмоқда.

Давлат тест марказининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва унга юкланган вазифаларнинг ижросини юқори даражада таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Давлат тест маркази таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона ваколатли давлат бошқаруви органи деб ҳисобланади.

Қуйидагилар Давлат тест марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
– тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш;
– тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш;
– чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш.

Давлат тест марказининг марказий аппарати тузилмасида Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси, Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги бўлимлари ташкил этилади.

Давлат тест маркази директорига зарур ҳолларда тузилмага ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Давлат тест маркази фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгиланган.

Молия вазирлиги ДТМга 4та, шу жумладан, 2та бириктирилган, 1та навбатчи ва 1та махсус автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратади.

ДТМ Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси, 12-уй манзилида жойлашади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда ДТМ бўлимлари учун ҳудуд марказларида жойлашган, коммуникация тизимларига эга бўлган бинолардан 3тадан алоҳида хона ажратади ҳамда уларни зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозлайди.

Манба: Kun.uz