Иқтидорли ёшларимиз кейинги бир йил ичида халқаро фан олимпиадаларида 255 та медални қўлга киритган.

Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» боғида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбирда маълум қилинди.

–Шу билан бирга, жорий йилда 382 нафар спортчи ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда 419 та совринли ўринларни эгаллади. Жумладан, Нодирбек Абдусатторов ва Умида Омонова – тезкор шахмат бўйича, Зуҳриддин Қодиров – қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони бўлгани, 23 ёшгача футболчиларимиз Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритгани, шубҳасиз, бутун халқимизга ғурур бағишлади, – деди давлатимиз раҳбари. –Мен ана шундай илмли, иродали ва қобилиятли фарзандларимиз борлигидан фахрланаман. Уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига алоҳида раҳматлар айтаман. Бу ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари, десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳисобланган бундай фидойи, билимли, зукко ва ватанпарвар ўғил-қизларимиз барчага намуна бўлиши керак.

ЎзА