Нукус шаҳрида 2018 йил 26 февраль куни чет тилидан охирги 4-босқич – “гапириш” (speaking) босқичи ўтказилади.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2017 йил 11 августдаги “Таълим муассасаларида  чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 610-сонли қарорига мувофиқ чет тилини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги малака сертификатига эга бўлган ўқувчи ва ўқитувчиларга қатор имтиёзлар жорий этилди.  Хусусан, чет тилини билиш даражаси ҳақида А2, В1 ва В2 даражасидаги малака сертификат эгаларини тегишли равишда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ва магистратурасига киришда чет тили бўйича ўтказиладиган тест синовидан озод этиб, ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади.

Давлат тест марказининг Қорақалпоғистондаги вакили М.Абдуллаевнинг хабар беришича, ҳозирда мазкур имтиёздан фойдаланиш истагини билдириб малака сертификатини олиш учун Давлат тест марказига ариза берган талабгорлар 3000га яқин бўлса, шулардан 100 нафардан ортиғи Қорақалпоғистон Республикасидан ҳисобланади. 2018 йил 13-14 февраль кунлари чет тилини билиш даражасини аниқлаш учун бўлиб ўтган тест синовларининг дастлабки (тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик кўникмалар) натижалари эълон қилинди. Тест синови топширган талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур тадбирнинг кейинги босқичи – “гапириш” кўникмасини баҳолаш ҳудудларда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йил 26 февраль куни Нукус шаҳридаги Агроиқтисодиёт коллежида ўтказилиши белгиланган.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги