Нукусда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стол тенниси бўйича “В” ҳамда “С” лигалари бўйича мусобақанинг мамлакатимиз босқичи бўлиб ўтди.

Унда вилоятларда, Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлган 136 нафар спортчи иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида маҳаллаларда ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланишлари учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва спорт иншоотларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмасини яратиш оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди. Аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларнинг оммавий спортдаги улушини ошириш мақсадида ҳар йили беш босқичли оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида ўтказилган мусобақа якунида “В” лигаси 16-21 ёш тоифасида Сирдарё вилоятидан Хуршид Абдураҳимов биринчи, Қорақалпоғистон Республикасидан Жетес Жанузақов иккинчи, Хоразм вилоятидан  Шаҳзод Раҳимов учинчи, 22-26 ёш тоифасида Тошкент вилоятидан Равшан Яқубов биринчи, ушбу вилоятдан Содир Икрамов иккинчи, Самарқанд вилоятидан Жўрабек Алиев учинчи, 27-30 ёш тоифасида Қорақалпоғистон Республикасидан Мамур Шарипов биринчи, Жиззах вилоятидан Мусурмон Мурадов иккинчи, ушбу вилоятдан Ҳаётжон Усманов учинчи ўринларни эгаллади. “С” лигаси 16-21 ёш тоифасида  Сирдарё вилоятидан Хумоюн Жўраев биринчи, Қорақалпоғистон Республикасидан Анвар Хожиев иккинчи, Навоий вилоятидан Беҳруз Аслонов учинчи, 22-26 ёш тоифасида Жиззах вилоятидан Шерзод Хонтўраев биринчи,  Қорақалпоғистон Республикасидан Ихтияр Абдикаликов иккинчи, Фарғона вилоятидан Шамсуддин Бурхонов учинчи, 27-30 ёш тоифасида Жиззах вилоятидан Ғайрат Шукуров биринчи, Сирдарё вилоятидан Сайфихон Абдиев иккинчи, Самарқанд вилоятдан Жасур Рашидов учинчи ўринларни қўлга киритди.

Барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА