Давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви давом этмоқда.

Сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилаётгани қайд этилди.

Хусусан, ўтган йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган эди.

– Сайловчиларимизнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Барча фуқароларимиз каби мен ҳам бу муҳим жараёнларни диққат билан  кузатиб боряпман. Аҳолимиз, жамоатчилигимиз вакилларининг конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани барчамизни қувонтиради, – деди Президент.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этмоқда.

Маълум қилинишича, Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилган ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади.

– Мен амалдаги Асосий қонунимизни қабул қилишда иштирок этган комиссия аъзоси сифатида олдин ҳам айтганман: Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Шу билан бирга, бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган муҳим бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур, – деди давлатимиз раҳбари. – Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда.

ЎзА