Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад ал-Қасирийни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.

Учрашувда турли соҳалардаги икки томонлама муносабатнинг бугунги ҳолати, алоқаларни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.

https://cdn3.mfa.uz/2022/06/16/08/30/photo_2022-06-16_13-27-50%20(2)_v90b88IqGi_low.jpg

Ўзбекистон – Ўмон дипломатик мулоқотини, жумладан, сиёсий маслаҳатлашув, парламентлараро алоқани ривожлантириш, делегациялар ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали йўлга қўйишга тайёрлик билдирилди.

БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар доирасидаги шерикликка алоҳида эътибор қаратилди.

https://cdn3.mfa.uz/2022/06/16/08/30/photo_2022-06-16_13-27-51_UVqtt1lVrT_low.jpg

Элчи Ўмон ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, ўзгаришлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, белгиланган вазифалар самарали амалга оширилишини таъминлашда зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.

Савдо-иқтисодий муносабатни фаоллаштириш, жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Ўмон инвестициясини жалб этиш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш зарурлиги эътироф этилди.

Томонлар маданий-гуманитар, илмий-тадқиқот ва таълим соҳасидаги алмашинувни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини изҳор қилишди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

ЎзА