Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

–Ўқув йили деярли якунланди. Олдимизда 404 минг нафар ўрта таълим, 151 минг нафар касб-ҳунар таълим, 125 минг нафар олийгоҳ битирувчилари, жами 680 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифа турибди, – деди Президент.

Шу мақсадда барча ҳокимлар:

– битирувчилар билан шахсан учрашади;

–ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали учрашувларнинг аниқ вақти, жойи ва телефонларини эълон қилади;

–учрашувларда ректорлар, йирик иш берувчилар, корхона ва кластерлар, мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этади;

– битирувчиларнинг ишга эҳтиёжи, қизиқиши ва кўникмаларини ўрганиб, уларнинг балансини шакллантиради;

– иш берувчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мономарказларда касбга тайёрлашни ташкил этади.

Бу ишларни амалга ошириш учун жойларда доимий ишлайдиган штаблар тузилиши, улар ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар ва уларнинг ота-онаси билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиши, келиб тушадиган ҳар бир мурожаат тезкор кўриб чиқилиши шартлиги белгиланди.

Йиғилиш якунида мутасаддилар ахборот берди.

ЎзА