Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

–Умуман, техникумларга бўлган ёндашувларни ўзгартириш керак. Улар олийгоҳга киришнинг осон йўли эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши керак, – деди давлат раҳбари.

Келгуси йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилиниши белгиланди.

Молия вазирлигига олийгоҳ талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредитини янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этиш топширилди.

Шунингдек, коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилади.

Олий таълим вазирлигига икки ой муддатда 207 та техникум фаолиятини ўрганиб, самарасиз ишлаётган 70 та техникумни тугатишга топшириқ берилди.

Уларнинг 25 таси мономарказлар ташкил этиш учун Бандлик вазирлигига ўтказилади, қолган 45 таси негизида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилади.

Президент Ширин шаҳри энергетика коллежидаги тажрибага тўхталди. Коллежда Саудия Арабистонининг “ACWA power” компанияси буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Компания 2,8 миллион долларга замонавий устахона, лаборатория ва ётоқхона барпо қилган.

Ҳозирги кунда компания буюртмаси асосида 140 нафар ёшларни муқобил энергия станцияси техниги, оператори ва диспетчери каби касбларга тайёрлаш бошланган.

Вилоят ҳокимларига Олий таълим вазирлиги ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда шу тажриба асосида ҳар бир туман, шаҳар кесимида:

–  йирик иш берувчилар ва хорижий корхоналар билан музокара олиб бориб, техникумларни йирик саноат корхоналари ва кластерларга бириктириш;

– ҳар бир вилоятда камида 2 тадан техникумда халқаро таълим дастурларини жорий этиш топширилди.

Айрим техникумларга бир йилда 2 марта қабул ташкил этиш амалиётини бошлаш вазифаси қўйилди.

Бандлик вазирлигига ўтаётган 70 та муассаса негизида мономарказлар, шундан 25 тасини жорий йил якунига қадар ишга тушириш шартлиги қайд этилди.

ЎзА