Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергавий билан учрашди.

Музокара чоғида БАА ҳукумати билан биргаликда 2019 йил апрель ойидан буён руёбга чиқарилаётган давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастурини ҳаётга жорий этиш доирасидаги ҳамкорлик натижаси муҳокама қилинди.

Сўнгги 3 йил ичида дастур доирасида 142 семинар ўтказилгани, 25 хил йўналишда 175 ғоя, жумладан, “Ҳукумат акселератори”, “Бир миллион дастурчи”, “Ёш раҳбарлар” лойиҳалари ҳамда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олган бошқа муҳим ташаббуслар илгари сурилгани таъкидланди.

Томонлар аниқ лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилишини батафсил кўриб чиқди, шерикликнинг самарадорлиги ва амалий аҳамияти қайд этилди. Давлат бошқаруви, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг янги йўналишларини қамраб олишни назарда тутган ҳолда ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БАА ўртасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик муддатини кейинги уч йилга узайтириш тўғрисида Битим имзоланди.

Янгиланган дастур концепцияси молия, таълим, иқтисодиёт, давлат бошқаруви, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги, божхона ва логистика соҳаларида БАА кўмагида янги ўқув дастурлари, малака ошириш тадбирлари ташкил этилишини назарда тутади.

ЎзА