Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмиталарининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларини ташкил этиш учун ажратилган давлат бюджети маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбири якунлари муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати, Тошкент ва Сирдарё вилояти маъсулларининг ахбороти эшитилди.

– Коронавирус билан боғлиқ бир қанча чекловларнинг тўхтатилиши натижасида нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ижобий ҳаракатлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров. – Касаллик авж олган пайтларда юртимизда эмлаш тадбирларини тизимли ва ўз вақтида ўтказилишига катта маблағлар сарфланди. Шу тадбирлар давомида қанақа муаммоларга дуч келдик ва уларни бартараф этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилгани юзасидан соғлиқни сақлаш тизими масъуллари томонидан атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ва республика муассасаларига коронавирусга қарши курашиш тадбирларига 2021 йилда 4 триллион 250,8 миллиард сўм, шундан вакцина сотиб олиш харажатлари учун 1 триллион 941,7 миллиард сўм ажратилган.

Ушбу эмлаш тадбирларини ташкил этиш учун ажратилган давлат бюджети маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланиши ўрганилганда Тошкент вилоятига эмлаш тадбирлари учун барча манбалардан 148,9 миллиард сўм ажратилган. Мазкур маблағларга 1 миллион 451 минг 501 доза вакцина сотиб олинган. Шунингдек, Сирдарё вилоятида вакцинация жараёнларига 531 минг 119 нафар аҳоли эмлаш учун режалаштирилган. Шу даврда вилоят бўйича 1 миллион 426 минг 802 доза вакцина олинган. Шундан 1 миллион 88 минг 42 доза вакцина сарфланган, ҳозирда 338 минг 760 доза вакцина қолдиғи мавжуд.

Тадбирда депутатлар аҳолини коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш ҳаракатларини ташкил этиш учун ажратилган давлат бюджети маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланишига оид саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олинди.

Шу билан биргаликда, депутатлар томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва коронавирус пандемиясининг оқибатларини бартараф этишга оид бир қатор тавсиялар ҳам берилди.

Тадбир якунида масала юзасидан қўшма қарор қабул қилинди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА