9 июнь – Халқаро архивлар куни

Ҳар йили 9 июнда нишонланадиган Халқаро архивлар куни 2007 йил ноябрь ойида Квебек (Канада)да ташкил этилган Халқаро архивлар кенгаши (ХАК) Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган.

Сана тасодифан танланган эмас. Яъни, 1948 йил шу куни ЮНЕСКО қарори билан ХАК ташкил этилган. Халқаро архивлар куни илк бор 2008 йили ХАК ташкил этилганининг 60 йиллиги билан бирга нишонланган.

Халқаро архивлар кенгаши жаҳон архивлари ҳамжамияти профессионал ташкилоти бўлиб, жаҳон архив меросини сақлаш, ривожлантириш ва архив материалларидан фойдаланишга кўмаклашади. Мазкур бетараф нодавлат ташкилоти аъзолар томонидан молиялаштирилади.

Бугунги кунда Халқаро архивлар кенгаши таркибида 190 давлатдан 1,5 мингга яқин аъзо бор. 2009 йилда тузилмага қўшилган “Ўзархив” агентлиги мунтазам равишда халқаро конференция ва конгрессларда иштирок этиб келмоқда.

Ташкилот фаолияти – халқаро стандартни ўрнатиш, ходимлар малакасини ошириш, шунингдек, мулоқот орқали архивлардан фойдаланишни таъминлаш, соҳани самарали бошқариш, архив меросини сақлаш, қайта ишлаш каби масалаларни ҳал этишга қаратилган.

Ушбу соҳа ходимига юқори талаб қўйилиши ажабланарли эмас, чунки архивчи касбий билимни пухта эгаллашдан ташқари ишбилармон, юксак инсоний фазилатлар соҳиби ҳам бўлиши шарт. Зеро, унга абадий аҳамиятга молик тарихий, маданий ёдгорликларни асраш масъулияти берилган. Ҳужжат яроқли ҳолда сақланиши учун архив ходими маълумотнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида илмий, техник, консервацион, тиклаш ва қайта ишлаш каби қатор ишларни бажаради.

Замонавий юқори технологиялар дунёси ҳужжатдан илмий, маданий, ижтимоий мақсадда оқилона фойдаланиш, зарур маълумотни тезкор излаш ва топиш, маълумотни сақлаш, тўғри талқин қилиш ҳамда манбадан мақсадли фойдаланишни таъминлашни тақозо этади. Бунинг учун архив ходими турли оммавий ахборот воситалари, замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмасини ошириб, билими, иш услубини доимий равишда такомиллаштириб бориши зарур.

Умуман, бугунги кунда жамият ҳаётида ўта муҳим аҳамият касб этаётган, ўзига хос ахборот марказига айланаётган архивлар ретроспектив ҳужжатли маълумотдан фойдаланиш имконини беради, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, самарали давлат бошқаруви муаммосини ҳал этишга кўмаклашади, шунингдек, ўтмиш ҳақида илмий билим беради.

Архив нафақат маданий ва тарихий мероснинг жиддий ахборот ресурси ҳисобланади, балки ҳар бир инсон ҳаётида ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин. Ахир, архивда муайян кишига оид индивидуал, турли юридик ва молиявий операциялар ҳақида умумий маълумотлар сақланади.

Архивнинг манбаси хилма-хил бўлиши табиий. Бинобарин, маълумотлар инсониятнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ривожланиши жараёнидаги қимматли далил ҳисобланади.

Ҳозир жаҳон ҳужжатли меросини асраб-авайлаш, ноёб ҳужжат билан танишиш имконини яратиш архивчиларнинг асосий вазифасидир.

Чунончи, Архивлар куни нафақат ушбу соҳа ходимларининг касб байрами, балки кенг жамоатчилик ва қарор қабул қилувчилар эътиборини архив иши ютуқлари, муаммоларига қаратиш учун ташкил этилган унутилмас сана ҳамдир.

Анъанага кўра, шу куни турли мамлакатларда архивнинг ўрни ва аҳамияти, архивчи касбини тарғиб қилиш мақсадида турли маърифий тадбирлар ўтказилади. Аксарият ҳолатда тадбир ташкилотчилари – ХАК аъзолари ходимларни минтақавий ва миллий мансублигидан қатъи назар, ўз муваффақиятларини намойиш этишга чақирадилар.

Айрим давлатларда алоҳида миллий архив куни мавжуд, баъзилар мазкур байрамни умумий сана қабул қилинишидан олдин ҳам нишонлашган.

Расман бундан юз йил олдин асос солинган мамлакатимиз архив тузилмаси ҳозирча Марказий Осиёдаги ягона архив агентлиги ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги тизимида 14 ҳудудий бошқарма, 103 давлат архиви ҳамда филиаллар халққа хизмат қилиб келмоқда. Шунингдек, юртимиз ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган 109 та шахсий таркиб ҳужжатлари жамланган идоралараро ва 11 та нодавлат архив ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу муассасаларда 12 миллионга яқин ҳужжат сақланади.

Эслатиб ўтамиз, республикамиз архивларида сақланаётган қимматли ҳужжатларнинг умумжаҳон аҳамияти эътироф этилиб, Хива хонлиги ҳужжатлари 2017 йил ЮНEСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури бўйича Халқаро рўйхатга киритилган.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ, ЎзА