Мўйноқ туманида “Ралли Мўйноқ – 2022” автомотоспорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган мусобақаларда барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланди.
Двигатель ҳажми 1600 см3 гача “А-8” автомобиль класси бўйича биринчи ўринни “Бест плюс авто” жамоаси аъзолари Фурқат Аҳрорқулов, Асқар Ҳасанов, иккинчи ўринни Самарқанд вилоятидан Илҳом ва Шуҳрат Обиджановлар, учинчи ўринни Андижон вилоятидан Тимур ва Қиличбек Нарзиқуловлар эгаллаган бўлса, двигатель ҳажми 2000 см3 гача “А-9” автомобиль классида биринчи ўринни Жиззах вилоятидан Умид Соатов, Ўткир Худайбердиев, иккинчи ўринни Бухоро вилоятидан Рашид Муродов, Отамуроджон Собиров, учинчи ўринни Наманган вилоятидан Аликай Хайруллаев, Шерали Абдуллаев қўлга киритди.
Шунингдек, двигатель ҳажми 2000 см3 гача “Багги”, двигатель ҳажми 125 см3 гача ҳамда 500 см3 гача мотоцикллар йўналишларида ҳам ғолиблар тақдирланди. “Багги” бўйича Андижон вилоятидан Равшан Қобилов биринчи, Қашқадарё вилоятидан Ғайбулло Мусаев иккинчи, ушбу вилоятдан Суҳроб Восиев учинчи, двигатель ҳажми 125 см3 гача мотоцикллар баҳсида Бухоро вилоятидан Донёр Тўраев биринчи, ушбу вилоятдан Асадбек Ражабов иккинчи, Қашқадарё вилоятидан Бунёд Маматвалиев учинчи, двигатель ҳажми 500 см3 гача мотоцикллар мусобақасида Бухоро вилоятидан Бекзод Ҳалимбоев биринчи, Бахтиёр Аҳмедов иккинчи, Навоий вилоятидан Адҳам Темиров учинчи ўринларни қўлга киритди.
Двигатель ҳажми 1600 см3 гача “А-8” ҳамда двигатель ҳажми 2000 см3 гача “А-9” автомобиль класслари биринчи ўрин эгаларига 100 миллион сўм, иккинчи ўринларга 30 миллион сўм, учинчи ўринларга 10 миллион сўмдан, двигатель ҳажми 2000 см3 гача “Багги”, двигатель ҳажми 125 см3 гача ҳамда 500 см3 гача мотоцикллар йўналишларида биринчи ўринларга 10 миллион сўм, иккинчи ўринларга 7 миллион сўм, учинчи ўринларга 3 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.
Тақдирлаш маросими якунида иштирокчиларга санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА