Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича тўрт кун давом этган рейтинг мусобақаси кутилган ва кутилмаган натижалари билан поёнига етди.
Кутилганидек, мамлакатимиз спортчилари мазкур нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 12 та бронза медалларига мушарраф бўлишди.
Кутилмаган ҳолат, олимпия ўйинларининг совриндорлари бўлган Ихтиёр Наврўзов ва Бекзод Абдураҳмоновнинг Алматидаги “Башман Шулақ” спорт мажмуасидаги шиддатли курашлар омадсиз якунланди. Албатта, бунинг бир қатор ўзига хос сабаблари бўлди. Абдураҳмонов «Токио-2020″дан кейин янги оғирлик вазнига ўтиши, яъни, 86 килограммда қатнаша бошлаши натижаларга ҳам таъсир кўрсатди. Буни ҳамюртимизнинг “тактик” қадами дейиш мумкин. Яна бир медаль кутган спортчимиз Ихтиёр Наврўзов мусобақанинг 1/4 финалида амалдаги Европа чемпиони словакиялик Таймураз Салказанов билан рўбарў келиши, Наврўзовнинг ҳужумкорлигидаги беллашувда омад Словакия вакилига кулиб боқди. Наврўзов тўсиғидан ўтган Салказанов баҳслар якунида чемпионликни тантана қилди.
Юнон-рум курашчиларимиздан Аброр Атабоев 67 кг. вазн тоифасида олтин медалга эгалик қилиши, 55 кг.да Жасурбек Ортиқбоев, 60 кг.да Муҳаммадқодир Юсупов, 72 кг.да Маҳмуд Бахшиллоев, 87 кг.да Жалгасбай Бердимуратов, 97 кг.да Рустам Ассакалов бронзали бўлиши, аёллар курашида 50 кг.да Жасмина Иммаева, 55 кг.да Шоҳида Аҳмедова кумуш медалларга, 53 кг.да Актенге Кеунимжаева, 57 кг.да Лайло Собирова, 65 кг.да Ариухан Жумабаева кучли курашчилар билан ўтган баҳслар сарҳисобида бронза медалларини қўлга киритиши натижалар эътиборли эканлигидан далолат беради.
Халқаро спорт курашлари рейтинг турнирининг эркин курашчилар ўртасидаги мусобақаларида вакилларимиз биратўла 2-3 та олтин медални қўлга киритиши мумкин эди. Аммо, қайсидир баҳсларда ёш курашчиларимизда бироз омад етишмаган бўлса, қайси бирларида руҳий мувозанатнинг собит эмаслиги таъсир кўрсатди.
65 килограмм оғирликда икки нафар спортчимиз қатнашди. Аббос Раҳмоновда ҳам, 17 ёшлилар ўртасида Жаҳон чемпиони Умиджон Жалоловда ҳам мусобақани олтин медаль билан якунлаш имконияти мавжуд эди. Бироқ, Умиджон ярим финалда мўғулистонлик Тулги Тумур Очир томонидан “тўхтатилди” ҳамда бронза медалига эга чиқди.
Финалгача барча беллашувларни муваффақиятли ўтказган, бу йўлда рейтинг мусобақаларини қаторасига беш марта ютган ҳиндистонлик энг номдор спортчи Байранга Пуниани доғда қолдира олган Раҳмонов олтин медаль учун курашда мўғулистонлик Жаҳон чемпионати совриндори Тулги Тумур Очир билан баҳслашди. Лекин кумуш билан кифояланди.
Шунингдек, ушбу рейтинг турнирида эркин курашчиларимиздан Зафарбек Отахонов(70), Магомед Ибрагимов(97), Бобур Исломов(86) бронзали бўлишди.
15 та давлатнинг 300 нафарга яқин спортчилари қатнашган халқаро рейтинг турнирида ҳамюртларимизнинг олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионлари билан муносиб курашиб, зарур рейтинг очколарига эга бўлиши «Париж-2024» олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи эканлиги билан аҳамиятли бўлди. Қолаверса, Алмати баҳслари терма жамоалар мураббийлари учун ҳар бир вазндаги иқтидорлиларни яна бир бор синовдан ўтказиш имконини яратди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА