Грузиянинг Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақаси яунланди. Мусобақанинг сўнгги кунида қатнашган уч нафар оғир вазнли полвонимиз шоҳсупага кўтарилди.

Ўзининг ажойиб иштироки билан кўплаб мутахассислар эътирофига тушаётган хоразмлик Алишер Юсупов жорий йил ҳисобидан “Катта дубулға” турнирларида иккинчи бор финалгача етиб келди. Афсуски, вакилимиз бу гал грузиялик Гела Заалашвилига имкониятни бой бериб қўйди.

Шунингдек, -100 килограмм вазн тоифасида Отабек Тўрабоев, +100 килограмм вазн тоифасидаги бошқа бир юртдошимиз Шоҳрух Бахтиёров бронза медалларига сазовор бўлишди. Қайд этиш жоиз, бу улар учун мазкур таснифдаги турнирларда қўлга киритилган дастлабки медалдир.

Шу тариқа Тбилиси “Катта дубулға” турнирида қатнашган дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 1 та кумуш ва 4 та бронза медали билан якунлади.

Кумуш медаль:

+100 кг: Алишер Юсупов

Бронза медаль:

-73 кг: Муроджон Йўлдошев
-81 кг: Шарофиддин Болтабоев
-100 кг: Отабек Тўрабоев
+100 кг: Шоҳрух Бахтиёров.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу мусобақада қўлга киритилган юқори натижа билан Ўзбекистон дзюдо федерацияси, спортчи ва мураббийларимизни самимий табриклаб қолади, – дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

ЎзА