Ташкил этилиши режалаштирилаётган қўшма компания электромобилларни режалаштириш, лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш ва сотиш билан шуғулланади. Халқаро бозорда қўшма компаниянинг дастлабки электромобиллари 2025 йилда пайдо бўлади.
Келишувга кўра, Honda ишлаб чиқариш қувватини тақдим этса, Sony мобил хизматлари платформасини яратади. Sony CES 2020 кўргазмасида электромобиллар билан шуғулланишини маълум қилган эди. Ўшанда компания Vision-S концептини намойиш қилди. 2022 йил январда эса илк автомобилини кўрсатди ва ушбу уринишлар Honda билан ҳамкорликда электромобиллар ишлаб чиқарувчи Sony Mobility Inc компаниясига айланишини эълон қилди.
Кутилишича, мазкур битим Sony компаниясига Hondaнинг соҳа ноу-хауни ўзлаштириш ҳамда глобал дилерлик ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш бўйича таъминотчилар тармоғидан фойдаланиш имконини беради.
Ўз навбатида, Honda компанияси шериги Sony компаниясининг автомобилни мустақил бошқариш ва кўплаб кўнгилочар ўйинлар имкониятидан фойдаланади.
Мижозлар электромобиль экранида PlayStation 5 консоли учун ишлаб чиқилган видеоўйинларини ўйнай олади.
Ҳозирча электромобилларга бўлган талаб у қадар кўп эмас, лекин аста-секин кўпаймоқда. Чунки иқлим ўзгариши бўйича хавотир ва ҳавони ифлослантиришга қарши жорий қилинаётган чекловлар қатъийлашиб бормоқда.
Хабарда таъкидланишича, Япония компанияси автомобиллар яратишда рақобатчиларидан орқада қолмоқда ва энди жадал ривожланаётган автомобиль ишлаб чиқарувчиларга, масалан, Tesla каби илғор компанияларга тенглашиш лозим бўлади.