Тошкентда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 36-ялпи мажлиси ўтказилди. Анжуманда тузилмага аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ва ҳамкор ташкилотлар – БМТ, Молиявий чораларни ишлаб чиқиш бўйича ФАТФ гуруҳи, ЕХҲТ, ШҲТ, МАНИВЭЛ, Жаҳон банки вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ушбу соҳага оид миллий тизимни ўрганиш ва баҳолаш бўйича 2020-2022 йилларда олиб борилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланди. Мазкур ҳужжат Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи ва қатор ташкилотлар экспертлари томонидан тайёрланган.

Йиғилиш давомида республикамизнинг айни йўналиш бўйича халқаро рейтинглардаги индекс кўрсаткичларини оширишга, тизимни такомиллаштиришга ёрдам берадиган тегишли тавсиялар берилди. Иштирокчилар юқоридаги муаммоларни бартараф этиш бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқилган механизмга алоҳида тўхталиб ўтишди.

– Ўзбекистон бу борада сезиларли муваффақиятга эришди, – деди Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи раиси, Россия Федерацияси Молиявий мониторинг федерал хизмати директори Юрий Чиханчин. – Хусусан, республикада қонунчилик базаси ўзгартирилди, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари, банк ва нобанк сектор вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Бу олиб борилаётган ислоҳотларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўйлайманки, ушбу йўналишдаги миллий тизимга ҳисса қўшиш давлат раҳбари томонидан белгиланган барча масалаларни ҳал этишга кўмаклашади. Мазкур жараёнда гуруҳга аъзо мамлакатлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш, янги таҳдидларга қарши биргаликда курашиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Эрон Ислом Республикаси Молиявий разведка хизмати ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш истиқболи ҳам муҳокама қилинди.

– Ўзбекистонда жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқилган, – дейди Қозоғистон Республикаси Молиявий мониторинг агентлиги раиси Жаннат Элиманов. – Биз соҳага доир мавжуд хавфни баҳолаш, хуфиёна операцияларни аниқлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиб, орттирилган тажрибани республикамизда қўлламоқчимиз.

Мажлис якунида Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 37-ялпи йиғилишини Тожикистонда ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Гулруҳ АБДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири