Шу йилнинг 24-31 май кунлари Жиззах вилоятида спортнинг волейбол тури бўйича XXIX Ўзбекистон чемпионатининг якунловчи бешинчи тур мусобақалари бўлиб ўтди.

Февраль ойида старт олган Ўзбекистон биринчилигининг дастлабки тур ўйинларидан буён рақиб жамоаларга ҳеч қандай имконият қолдирмасдан, очколар бўйича биринчиликни қўлдан бермай келган Қорақалпоғистон Республикасининг Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қизлар терма жамоаси бешинши тур мусобақаларида ҳам ўзларининг юқори спорт маҳоратини намоён этди.

Ўтказилган беш тур натижаларига кўра, умумий 58 очко билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қизлар терма жамоаси волейбол бўйича XXIX Ўзбекистон чемпионатининг ғолиби бўлди.

Иккинчи ўринни 53 очко тўплаган Наманган, учинчи ўринни эса 52 очко жамғарган Андижон вилояти жамоалари эгаллади.

Чемпионатнинг тақдирлаш маросимида бирнечта номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, улар орасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қизлар терма жамоаси бош мураббийи Азат Казаков «Энг яхши тренер», Нукус ДПИ волейбол жамоаси «Энг яхши жамоа», жамоа аъзоларидан Индира Насратдинова «Энг яхши ўйинчи», Гулбазар Нуранова «Энг яхши тўсувчи», Мақсуда Юлдашева «Энг яхши жамоа сардори» номинациялари билан тақдирланди.

Шундай қилиб, волейбол бўйича XXIX Ўзбекистон чемпионати ғолиби бўлган Қорақалпоғистон Республикасининг Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қизлар терма жамоаси аъзоларига диплом, олтин медальлар ва чемпионлик кубоги тантанали равишда топширилди.

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.