Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Халқ банки республикада пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли молия муассасасига айланди. Бу, албатта, юртимизда истиқомат қилаётган барча ёши улуғ инсонларга хизмат қилиш учун Халқ банкига катта масъулият юклайди.
Айтиш жоизки, Халқ банки ходимлари мамлакатимиз аҳолисига турли йўналишларда банк хизматларини кўрсатиш билан бирга, қарорга мувофиқ республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида пенсия тўловларини пенсионерларга ўз вақтида сифатли етказиб берилишини таъминлаш мақсадида алоҳида механизм ишлаб чиқилиб, пенсионерларга қулай шароитларни ўз ичига олган ўзига хос тизим йўлга қўйилди. Унга мувофиқ ҳозирда Халқ банкининг 2 мингта сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақа тўловлари берилиши жорий қилинди.
Республика бўйлаб Халқ банки филиалларидан махсус кассаларга нақд пулларни ўз вақтида ва мунтазам етказиб бериш мақсадида 590 та “Дамас” русумли автомашиналар ҳамда тоғли ҳудудларга пенсия ва нафақа маблағларини олиб бориш учун 10 дона УАЗ автомобили сотиб олиниб, банк томонидан пенсия ва нафақа олувчилар хизматига йўналтирилди.
Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш жоизки, банк томонидан ташкил қилинган сайёр кассалар учун 2 мингта планшет ва термопринтер ускуналари сотиб олиниб, аҳолига пенсия ва нафақалар тўлаш онлайн режимида йўлга қўйилди.
Бу ўз навбатида, ҳисобни юритиш, назорат қилиш, шакллантирилган тўлов қайдномаларидан пенсионерларни тезроқ излаб топиш жараёнида вақтни тежаш билан бирга, аҳолидан уларнинг хоҳишига кўра коммунал тўловларни қабул қилишда яхшигина қулайликлар яратмоқда.
Эндиликда пенсия ва нафақа олувчиларга ҳар ойлик пенсия маблағларини жойлардаги маҳаллий ҳокимлик томонидан тасдиқланган режа-графикка мувофиқ ўзи яшайдиган посёлка, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тарқатилмоқда.
Шуниси эътиборлики, Халқ банки ва Пенсия жамғармаси ўртасидаги қўшма хатга асосан пенсия ва нафақалар тарқатиладиган жойлар тўлиқ инветаризация қилинди.
Осиё Раҳимова, Хоразм вилояти, Урганч тумани “Бўстон” маҳалласи:
– Пенсияларнинг маҳаллаларда берилиши, қариялар учун кичик бир завқли тадбирга айланиб кетмоқда. Чунки кексалар ҳар доим ҳам йиғилавермайди, пенсия пулини олиш баҳонасида ёши катталар бир-биримиз билан кўришиб дилдан гаплашиб кўнглимиз яйрайди. Суҳбатлар қизиганидан баъзида маҳалладаги ўриндиқларда анча вақт қолиб кетамиз. Пенсия пулларимиз Халқ банки томонидан график асосида тартиб билан нақд пулда берилади. Пул оладиган кунимиз белгиланган куни келамиз холос, навбат кутмаймиз, бунинг учун банкнинг кассир ва ходимларига миннатдорчилик билдирамиз. Ҳар ойда пул оладиган кунимизни орзиқиб кутамиз, чунки шу куни тенгдошларимизни, маҳалладаги яқинларимизни кўрамиз, шу билан бирга чўнтагимизга нақд пул тушиб бойиймизда.
Эътироф этиш жоиз банк томонидан биргина 2018 йилнинг январь ойида 3 миллиондан ортиқ фуқароларга 1,5 трлн.сўмга яқин пенсия ва нафақа маблағлари нақд пул кўринишида берилди.
Жорий йилнинг ўтган ойида 750 минг нафар ётоқдаги пенсионерга 365 млрд.сўмлик пенсия пуллари бевосита уларнинг яшаш манзилида тарқатилди.
Азиза Йўлдошева, Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани:
— Ёшим 89 да, кўп даврларни кўрдим, бироқ қариялар бугунги кундагидай эъзоз топмаган десам муболаға бўлмайди. Пенсиямни Халқ банкининг Олтиариқ туман филиали ходимлари ҳар ойда ўз вақтида нақд пулда уйимга олиб келиб беришади. Албатта, бундан мамнунман. Кексаларга берилаётган эътибордан миннатдорман.
Дарвоқе, кекса ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга қатор қулайликлар яратиш мақсадида, Халқ банки томонидан пенсия ва нафақа маблағларини тарқатиш тартиби акс эттирилган 8 923 та фуқаролар йиғинлари биноларида маълумотлар тахтаси ташкил қилинган.
Унда пенсия ва нафақаларни тарқатиш тўғрисидаги қарор мазмун моҳияти, пенсия ва нафақаларни ҳар бир ҳудуд бўйича тарқатиш кунлари бўйича график, маблағларни олиш тартиби тўғрисидаги эслатма ҳамда Ишонч телефонлари бўйича маълумотлар кўрсатилган.
Пенсия маблағларини тарқатиш жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича “1106” қисқа рақамли “Ишонч телефони”нинг доимий ишлаб туриши эса тизимнинг янада такомиллашувида яхши самара бермоқда.
Шуни ҳам айтиш жоизки, пенсия ва нафақа маблағларини маҳалла ва қишлоқ фуқаролари йиғинларида ташкил этилган махсус кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга пенсиялар ва нафақалар бевосита улар яшайдиган хонадонларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Усмон Исмадиёров, Сурхондарё вилояти, Ангор тумани “Навбаҳор” маҳалласи:
– Иссиқ жон экан-да одам кексайган сайин, у жойинг, бу жойингдан шикоят қилиб тез-тез касал бўлиб ётиб қоларкансан. Ўзгалар кўмагига эҳтиёж сезиб қолган ана шундай пайтларда кимдир келиб ҳолингни сўраб, мушкулингни осон қилса, албатта, хурсанд бўласан. Халқ банкининг сайёр кассаси ходимлари ана шундай хайрли ва эзгу ишни амалга оширмоқда. Улар ўзларининг Дамас русумли автомобилида бемор бўлиб қолган мен каби пенсионерларнинг хонадонига келиб, биринчи бўлиб аҳволини сўрайди, тўлиқ нақд пулда пенсиясини бериб дуосини олмоқда. Банк ходимларининг чин кўнгилдан ва самимий хушмуомалалик билан қилаётган бу ишларидан маҳалламиздаги барча пенсионерлар мамнун.
Аҳолига пенсия ва нафақа маблағларини нақд пулда бериш учун зарур бўлган пул маблағлари Марказий банк томонидан ўз вақтида таъминланиб борилмоқда. Бу эса аҳолига пенсия ва нафақа маблағларини ҳар бир фуқарога белгиланган тартибда етказиб беришда ўзига хос замин яратмоқда.
Шунингдек, пенсия ва нафақаларни тарқатиш жараёнида юзага келадиган муаммолар ва таклифлар юзасидан банк раҳбариятига, ишонч телефонларига мурожаат қилиши мумкинлиги акс этган ижтимой видеролик тайёрланган. Ушбу видео роликлар мамлакатимизнинг марказий телеканалларида эфирга узатилиб юртимиз аҳолисини хабардор қилинаётганлиги, банк ҳамда пенсия ва нафақа олувчилар ўртасидаги ўзига хос шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, ишонч ва эътибор, бу каби хайрли ҳамда ўта маъсулиятли ишларнинг истиқболини белгилайди.