Танлов

Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида “Илҳом” мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ёшлар тарбияси, маънавиятига эътибор қаратиш масаласи янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида иштирок этиб, бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Ана шу топшириқлардан бири – Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиботини жонлантириш мақсадида “Илҳом” мукофотини жорий қилиш бўйича таклифлардан иборат эди.

Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. “Илҳом” мукофоти шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга берилиши белгиланди.

Иккинчи бор ўтказилаётган танловнинг саралаш босқичи олий таълим муассасалари доирасида ўтказилди. Саралаш босқичида барча олий таълим муассасаларидан ўн мингдан ортиқ талаба-ёшлар, мураббийлар иштирок этди.

“Илҳом” мукофоти танловининг республика босқичи учун 53 та олий таълим муассасасидан 115 та ижодий иш қабул қилинди. Шундан 3 та асосий ва 3 та рағбатлантирувчи мукофот учун ғолиблар сараланди.

«Илҳом» мукофоти учун ўтказилган танловда биринчи ўринга Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Шуҳратжон Муҳаммадхонов муносиб топилди. У Президент совғаси – “Spark” автомобили, махсус диплом ва статуэтка билан тақдирланди.

Жиззах давлат педагогика институти учинчи босқич талабаси Ҳафиза Мухторова «Илҳом» мукофотининг иккинчи ўрин соҳибаси бўлди. Унга 30 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка топширилди.

Учинчи ўрин Қорақалпоқ давлат университети докторанти Замира Айимбетовага насиб этди. У 15 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка билан тақдирланди.

Рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилди.

Байрам тадбирида ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, шоир-ёзувчилар, олий таълим муассасалари мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар қатнашди.

Мазкур танлов анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб борилади.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири