Қаҳрамонона ҳаракати учун Ўзбекистон фуқароси Россияда медалга тавсия этилди

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, Москва вилояти Софрино қишлоғида 2018 йил 31 январь куни юз берган ёнғин чоғида самарқандлик, Ўзбекистон фуқароси Нуриддин Қирғизов олов ичида қолган уйни кўриб Россия фуқароси бўлган кекса аёлга ёрдам бериш учун ўт ичига кирди ва натижада ўзи жароҳатланди. 
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирги вақтда Н.Қирғизовга Москва вилояти Пушкино шаҳрида жойлашган профессор В.Н.Розанов номидаги туман шифохонасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
У реанимация бўлинмасидан травматология бўлинмасига ўтказилган бўлиб, шифохонада элчихонанинг консуллик бошқармаси ходими у билан учрашди.
Пушкино шаҳри маъмурияти хабарига кўра, Ўзбекистон фуқароси Н.Қирғизов қаҳрамонона ҳаракати ва Россия фуқаросини ёнғиндан қутқаргани учун медалга тавсия этилди.

 

ЎзА