Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барқарор суръатлар билан кенгайиб, анъанавий дўстона алоқалар ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 миллиард доллардан ошди. Тасдиқланган «йўл харитаси»га мувофиқ, бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд 60 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.
Ўзаро ҳамкорликнинг ўтган даврида Ўзбекистон иқтисодиётига Жанубий Кореядан жами 7 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилинди, Корея Республикаси компаниялари иштирокида 500 дан ортиқ корхона ташкил этилди.
Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳасига жорий этишга қаратилган қўшма дастур ва тадбирлар фаол рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу мамлакатнинг етакчи мутахассислари Ўзбекистон вазирлик, идора ва ташкилотларига маслаҳатчи сифатида жалб қилинган.
Маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Корея Республикаси раҳбарияти ва халқини Пхёнчхан шаҳрида қишки Олимпия ўйинлари бошлангани муносабати билан самимий табриклади, ушбу нуфузли халқаро спорт тадбирининг муваффақиятли ўтишига тилак билдирди.
Ўз навбатида, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Президент Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашув якунида Ким Донг Ён Жанубий Корея мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг миқёсли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини қайд этди.